Мактабни ўқитувчиларга таъмирлатган директор ишдан ҳайдалди: таъмир учун бир тийин ажратмаган ҳоким-чи, уни сўрайдиган йўқми? Газ учун субсидиялар бюджетни ўпиряпти: триллионлар қаерга кетаётгани нега очиқланмайди? Чорвоқда курорт-шаҳар қурилиши тасдиқланди: ваъда қилинган жамоатчилик муҳокамаси ҳам, экологик экспертиза ҳам бўлгани йўқ. Ортда қолган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўқитувчини таъмирчи устага айлантираётган ким?

Ҳар августда шу бўлар такрор: Ўзбекистон бўйлаб мактабларни таъмирлаш яна ўқитувчилар гарданига тушяпти. Андижон ва Самарқанд вилоятларида кўзга ташланиб қолган ҳолатлар яна ўша эски муаммо – ҳокимларнинг мактаблар таъмирига пул ажратмаслиги масаласини жамоатчилик эътиборига олиб чиқди.

Марҳамат туманидаги 42-мактабдан тарқалган видеода йигирмадан ортиқ ўқитувчи тозалаш-таъмирлаш ишлари билан бандлигини кўриш мумкин. Уларнинг айримлари меҳнат таътилидан чақириб олинган. Меҳнат инспекциясининг аниқлашича, мактаб директори ўқитувчиларни мажбуран чақирган, келмаганларга дарс соатлари кам берилишини айтган. Бунинг учун директор ишдан бўшатилиб, 41 млн сўм жаримага тортилди.

Самарқанд шаҳридаги 24-мактабда эса, педагоглар ҳаёт учун хавфли баландликда таъмирлаш ишларини бажаришга мажбур бўлди. “Ҳолат ўрганиляпти” деган мазмундаги баёнотдан кейин 3 кун ўтиб ҳам, ўрганиш натижалари очиқлангани йўқ.

Тармоқларда жуда кўп танқидларга сабаб бўлган бу ҳолатлар – ўтган ҳафта тайинланган янги вазир Эъзозхон Каримова учун бу лавозимдаги илк резонансли вазиятлар эди. У фурсатдан фойдаланиб барча ҳокимларга очиқ мурожаат йўллаши, уларни мактаблар таъмири бўйича зиммасидаги мажбуриятларни бажаришга чақириши, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида шахсан баёнот билан чиқиши мумкин эди. Лекин янги вазир кўриниш бергани йўқ, фақатгина унинг матбуот хизматидан расмий муносабатлар