Россия иқтисодиёти «оғир кунларни» бошдан кечирмоқда, Москва эса Украинага давом этаётган бостириб кириши учун Европа Иттифоқи киритган санкциялар туфайли ўзининг ҳарбий-саноат комплексини молиялаштириш учун пул йўқотмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 27 август, чоршанба куни чоп этилган Германиянинг Die Welt газетасига берган интервюсида маълум қилди.

Европа дипломатияси раҳбари Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкция пакети устида ишлашни давом эттираётганини қайд этди. Калласнинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг «соя флоти»га қарши олдинги чекловлар «Россиянинг Болтиқ ва Қора денгизлар орқали нефт ташишдан келадиган даромадини бир ҳафта ичида 30 фоизга қисқартирди». 

«Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Россия миллиардлаб доллар йўқотди. Бу маблағлар энди Россия ҳарбий машинасини молиялаштириш учун мавжуд эмас», деб давом этди Каллас.