Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёев илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Kun.uz мухбири Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғида – хонанда яшаган хонадонда бўлиб, марҳум қўшиқчининг яқинлари билан суҳбатлашди.

“Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан байрам арафасида отамга “Меҳнат шуҳрати” ордени берилди. Қарангки, ўтганларига 25 йил бўлган бўлса-да, ҳали-ҳануз отамнинг қилган меҳнатлари, хизматлари эл-юртимизнинг ва президентимизнинг эсларидан чиқмагани бизни жудаям қувонтирди.

Бу катта эътироф, катта эътибор. Бу ҳақида ўзимнинг Instagram саҳифамга қўйганимда минглаб одамлар хурсанд бўлиб, ўз фикрларини ёзишди, юртбошимизга раҳмат айтишди. Албатта, бу нафақат бизнинг оиламиз, балки қишлоғимиз, туманимиз, вилоятимиз ва бутун Ўзбекистонимиздаги санъатсевар халқимизни ҳам хурсанд қилди.

Охунжон Мадалиев онаси билан

Мен ҳам қўшиқ айтишни бошлаганимга 20 йил бўлган бўлса, лекин ҳали отамнинг ҳамма қўшиқларини айтиб улгурганим йўқ. Жудаям кўп қўшиқлар яратишган. Жудаям сермазмун, баракали ижод қилишганини энди-энди тушуниб етяпман-да. Жудаям кўп қўшиқлари бор. Отамнинг қўшиқлари сўралмаган куннинг ўзи йўқ. Деярли ҳар куни сўралади. Умуман олганда, ўзимнинг қўшиқларимдан кўра барибир кўпроқ қаерга борсам, отамнинг қўшиқларини айтаман.

Қиличбек Мадалиев онаси Ҳабибахон Мадалиева билан

Отам оналарини, яъни бувимни жудаям яхши кўрганлар. Аввал эски ҳовлимизда бирга яшаганмиз. Кейинчалик янги ҳовлига алоҳида бўлиб кўчиб чиққанимиздан кейин, айнан бувим учун алоҳида хоналар солишган, шароитлар қилинган. Ҳар куни отам эрталаб тўйга кетаётганларида, албатта, бувимнинг олдиларига тушиб, бирга нонушта қилиб, дуоларини олиб, кейин тўйга кетардилар.