8 сентябр куни Испания бош вазири Педро Санчес Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг ҳарбий кампаниясини тўхтатишга мажбур қилиш учун янги чораларни эълон қилди. У Испания ҳукумати доимо Исроилнинг мавжуд бўлиш ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини, аммо «қирғинни тўхтатишга» мажбур эканини таъкидлади.

«Ўз мамлакатингни ва жамиятингни ҳимоя қилиш бир нарса, аммо шифохоналарни бомбардимон қилиш ва бегуноҳ болаларни очликдан ўлдириш бутунлай бошқа нарса», деди у.

«Бош вазир Нетаняҳу 2023 йил октябрида террорчилик ҳужумларига жавоб сифатида тақдим этган ҳарбий операция охир-оқибат ноқонуний босқинларнинг янги тўлқинига ва фаластинлик тинч аҳолига қарши асоссиз ҳужумга айланди. Бу ҳужумни БМТ махсус маърузачиси ва мутахассисларнинг кўпчилиги аллақачон геноцид деб атамоқда».

Санчес ҳалок бўлганлар, яраланганлар, кўчирилганлар ва озиқ-овқатсиз қолганлар сонига ишора қилди. «Бу ўзини ҳимоя қилиш эмас; бу ҳатто ҳужум ҳам эмас», деди у. «Бу ҳимоясиз халқни қириб ташлаш. Бу гуманитар ҳуқуқнинг барча қоидаларини бузишдир».

The Guardian нашрининг ёзишича, Санчеснинг сўзлари ва қарорлари Испания билан Исроил ўртасида кескин дипломатик тортишувни қайта авж олдирди. Расмий Мадрид душанба куни тушдан кейин Тел-Авивдаги элчисини чақириб олди.

Испания етакчиси телемурожаатида халқаро ҳамжамиятни ҳам танқид қилди: «Йирик давлатлар чексиз можаро устида бефарқлик ва Нетаняҳу ҳукуматига ҳамкорлик ўртасида фалаж бўлиб қолди», деди у.

Испания бош вазири Педро Санчес «Ғазодаги геноцидни тўхтатиш ва унинг айбдорларини жазолаш» чораси сифатида Исроил билан ҳарбий техника савдосини тақиқловчи қонунни расман кучга киритди. Испания портлари ва ҳаво ҳудудидан Исроил армиясига қурол ва ёқилғи ташишга тақиқ жорий қилди. У, шунингдек, «геноцидда бевосита иштирок этганларга» Испанияга киришга тақиқ қўйилишини эълон қилди ва Ғазога гуманитар ёрдамни оширишини билдирди.