Ўзбекистонга чет давлатлар, айниқса, Туркиядан қалбаки доллар кириб келиш ҳолатлари учрамоқда. Параллел равишда ўзбек сўмини қалбакилаштириш ҳам кўпайяпти. Ушбу сохта пуллар “бирга бир” ишлангани, “ҳақиқийсидан ажратиш қийин”лиги, банкомат ҳам қабул қилиши айтилади. Хўш, қалбаки пуллардан қандай сақланиш мумкин?

Ўзбекистонда бирор савдо дўконига кириб, харид учун 200 минг сўм қийматидаги пулни узатсангиз аксарият ҳолларда сотувчи ярим ҳазил, ярим чин шаклда “Сохта эмасми ишқилиб?” деб сўрайди. Бу ишончсизлик ва шубҳа ўз-ўзидан шаклланмади: сабаби Ўзбекистонда пулни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлар сони ошиб боряпти. Ҳатто қалбаки доллар ва сўм сотувчилар ижтимоий тармоқлардаги ёпиқ каналлар орқали бемалол фаолият юритишга киришмоқда.

Туркия ва қалбаки доллар

Кейинги вақтларда қалбаки доллар ҳақида гап кетганда Туркия давлати тилга олинадиган бўлиб қолди. Айниқса, 2024 йилнинг ноябр ойи охирида ушбу давлатда қалбаки долларлар тарқалгани юзасидан тергов бошлангани ортидан бу борадаги гап-сўзлар яна кўпайди.

Туркияда қалбаки долларлар билан боғлиқ терговга мамлакатга 600 млн долларлик қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан олиб кирилгани асос бўлган. Ўшанда мазкур давлатдаги айирбошлаш шохобчалари ва банклар эски намунадаги 50 ва 100 долларлик купюралар билан операцияларни вақтинча тўхтатганди.

Мутахассисларга кўра, Туркияга қалбаки долларларнинг асосий қисми Сурия, Эрон ва Болқон ҳудудларидан олиб келинган. Қалбаки валюта билан боғлиқ биринчи операция Сурия билан чегарадош Газиантеп шаҳрида амалга оширилган. Қалбаки долларлар Анталия, Измир, Истанбул, Анқара каби туристик шаҳарларда ҳам аниқланган.

Ўзбекистондаги қалбаки долларнинг ҳам аксарияти Туркиядан кириб келмоқда. Буни содир этилган шу каби жиноятлар тафсилотидан билиш мумкин. Мисол сифатида бир нечта ҳолатни келтириб ўтамиз.

Туркиядан келган “почта”

Фуқаро Равшан Маматқулов ўзининг таниши Жамшид Бозоровга 50 минг доллар миқдорида қалбаки пули борлигини, унга сотмоқчи эканини айтган ва мижоз топишни сўраган. Жамшид Бозоров ўз навбатида таниши Мадиёр Бахроновга 50 минг доллар миқдоридаги қалбаки пулни 25 минг долларга сотишини билдирган.

Топилган мижоз бу ҳаракатлар ноқонуний эканини билиб, ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга ариза билан мурожаат қилган. 2025 йил 23 январ куни тезкор тадбир ўтказилиб, Равшан Маматқулов, Жамшид Бозоров ва Мадиёр Бахронов “Бунёдкор” стадиони автотураргоҳида 50 минг қалбаки долларни 25 минг долларга сотаётганда қўлга олинган.