Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бизга ажратилган ерни алдаб олиб қўйишди” – Тошкентнинг қоқ марказидаги бедодлик
Навоий кўчасидаги уйлар ортида жойлашган, шу уйларда яшовчилар учун автотураргоҳ қилиб белгиланган ер майдони Toshkent city қурилиши бошланган пайтда “қайтариб бериш” ваъдаси билан тўсиб олинган ва шу ҳолича қайтиб очилмаган. Аҳоли ўзини алданган деб ҳис қилмоқда: машина қўйишга жой йўқ, ахлат идишлари йўл устида, чанг-тўзон...
Тошкент шаҳри марказидаги Алишер Навоий кўчасида, собиқ маиший техника дўконлари ўрнида бир неча йиллар аввал 8 та кўп қаватли уй қурилган. Уларда яшовчиларнинг бир пайтлар машина қўйишга автотураргоҳи бор эди... Кейин нима бўлганини уларнинг ўзи қуйидагича ҳикоя қилади.
— 2011 йилда Навоий кўчасида мана бу кўриб турганингиз оқ уйлар қурилган – саккизта, 27-уйдан бошлаб 41-уйгача. Бу уйларга яшил зона ва мана бу тунука деворнинг орқасидаги автотураргоҳ қурилган, бизнинг уйларимизга бириктирилган. 2-3 йил ундан фойдаланганмиз. 2017 йилдан бошлаб Toshkent city қурилиши бошланди. Парковкани тўсиб олгандан кейин қурилиш бошлаган. 7-8 йил давомида уйлар қурилди.

Тўхтовсиз безовта бўлдик: чанг-тўзон, шовқин-сурон… Шаҳримизнинг маркази обод бўлиши учун чидадик. Toshkent city'нинг қурилиши битди. “Вақтинча тўсиб олганмиз, кейин очиб берамиз”, дейишган эди. Ҳатто қурилиш тугаганидан кейин уйларингизнинг деворларигача ювиб берамиз, деган ваъдалар ҳам бўлган. Энди бу ваъдалар бажарилмагани етмаганидек, автотураргоҳимизни бошқа бир фирмага, корхонага бириктиришибди. Қанақадир қурилишлар қилиняпти.
Бизга биронта маълумот ҳам берилгани йўқ. Ваҳоланки, қўлимизда ўша пайтдаги бош вазир, ҳозирги кунда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармойишлари бор. 2011 йил 17 май кунги 288-Ф сонли фармойишнинг 7-бандида айтилган: Навоий кўчасидаги мазкур 8 та кўп қаватли уйнинг қурилиши жараёнида автомобилларни сақлаш учун тураргоҳ ажратилсин, яшил зона ажратилсин... Бу фармондан кейин Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори чиққан ва у қарорда ҳар бир уйга ер майдонлари бириктирилган.

— City қурилгунича вақтинча суриб турамиз деб ваъда қилишди, ҳоким ҳам бор эди. Буни тортиб олиш ҳам дея олмаймиз, алдаб олиб қўйиш бу. Шаҳар бедарвоза – ким нима хоҳласа, шуни қилади. Бу тажовузкорлик дейилади.

— Шунча машиналар қаерда туриши керак? Осмонда турмайди-ку! Уйларимиз чанги қараб бўлмайдиган даражада. Етти йилдан бери тоқатимиз тоқ бўлди-ку! Қаерга, нима қуришмоқчи бу ерга? Бизга стоянка керак-ку, “мусорка” керак, болалар ўйнашига жой керак. Мана, ўтган куни тез ёрдам келди, кира олмай турди бизнинг подъездга.


— Домимизнинг 1-2-қаватлари нотурар жойлар. Банклар, офислар бор, уларга келаётган мижозлар нари турсин, ходимларининг ўзининг машинаси сиғмайди. Олдимиздаги йўлнинг у тарафига ҳам, бу тарафига ҳам машина қўйишади. “Тўхташ тақиқланган” белгисини қўйишди, машина қўйиш мумкин эмас, лекин барибир қўйилади. Ўзимиз қаерга қўйишни билмаймиз машинамизни.
Kun.uz Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигидан олган маълумотга кўра, бу ер майдони аукционга чиқарилган.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025