Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идораси ҲАМАСнинг жавобидан сўнг Исроил Трампнинг Ғазо режасининг биринчи босқичи — исроиллик асирларнинг дарҳол озод қилинишига тайёргарлик кўраётганини билдирди. Орадан кўп ўтмай, маҳаллий ОАВлар сиёсий раҳбарият армияга Ғазодаги ҳужумкор фаолиятни камайтириш бўйича кўрсатма берганини хабар қилди.

Трамп эълонидан кейинги хабарлар

Reuters нашрининг Исроил бош штаби баёнотига таяниб ёзишича, қўшинларга Трамп режасининг биринчи босқичини амалга оширишга тайёргарлик кўриш буюрилган, аммо Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларнинг камайтирилиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Айни вақтда Ғазони назорат қилувчи Ҳамас АҚШ президенти гуруҳга «якшанбагача рози бўлиш ёки оғир оқибатларга дуч келиш ультиматуми»ни бергач, Трампнинг 20 банддан иборат режасига жавоб қайтарди.

Трамп ҲАМАСнинг «доимий тинчликка тайёр» эканини кўрсатганига ишонганини ва энди масъулият Нетаняҳу ҳукумати зиммасида эканини айтди.

«Исроил Ғазони бомбардимон қилишни зудлик билан тўхтатиши керак, шунда биз гаровдагиларни тез ва хавфсиз олиб чиқа оламиз!» — деб ёзди Трамп ўзининг саҳифасида. «Биз аллақачон тафсилотларни муҳокама қиляпмиз. Бу фақат Ғазо ҳақида эмас, бу Яқин Шарқда узоқ кутилган тинчлик ҳақида».

Reuters кўрган ҲАМАС жавоб нусхасида гуруҳ Ғазони қуролсизлантириш ва демилитаризацияга рози бўлишини айтмади — бу Исроил ва АҚШ талаб қилаётган, лекин ҲАМАС илгари ҳам рад этган шарт. Шунингдек, ҲАМАС Исроилнинг босқичма-босқич чиқиб кетиш режаси билан ҳам рози бўлмади, чунки улар тўлиқ ва дарҳол чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Al-Jazeeraʼга гапирган юқори лавозимли ҲАМАС расмийси гуруҳ Исроилнинг оккупацияси тугамагунча қуролсизланмаслигини айтди. Бу эса томонлар ўртасидаги тафовутларни кўрсатди.

Қатар ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, Қатар, Миср ва АҚШ Трампнинг Ғазо режаси бўйича музокараларни давом эттириш учун ҳамкорликни бошлаган.