Табиат инсон танасини сокинлик билан даволайди. Яшил дарахтлар, қушлар сайраши ва шамол шовқини танадаги асаб тизимини осойишта ҳолатга келтиради. Яшил оламда қисқа муддат бўлишнинг ўзи юрак уришини секинлаштиради, қон босимини меъёрга келтиради ва танадаги стресс гормонларини камайтиради.
Хотиржамлик кучаяди
Буюк Британияда ўтказилган йирик илмий тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, инсоннинг соғлом ҳаёти ва руҳий фаровонлиги табиат билан қай даражада алоқада бўлишига бевосита боғлиқ. Exeter университети олимлари олиб борган тадқиқотда 20 мингга яқин иштирокчи қатнашган. Уларнинг кундалик ҳаёт тарзи, соғлиғи ва табиатда ўтказган вақти таҳлил қилинганда ҳафтасига камида 120 дақиқа (яъни икки соат) табиат қўйнида бўлган одамлар ўзларини соғломроқ, тинчроқ ва бахтлироқ ҳис қилишларини билдирган.
Бу икки соатни бир кунда ёки ҳафта давомида қисқа муддатларга бўлиб ўтказиш ҳам етарли бўлади, муҳим жиҳати, инсон организми табиат билан бевосита алоқа қилаётганини ҳис қилиши. Дарахтлар орасидаги, боғда ишлаш ёки оддийгина паркда ўтириш ҳам бу таъсирни беради.
Гормонларингиз мувозанатга келади
Очиқ ҳавода, айниқса, дарахтзор ёки ўрмон муҳитида вақт ўтказиш натижасида танадаги кортизол ва адреналин миқдори, яъни стресс гормонлари табиий равишда камаяди. Шу билан бирга, иммун тизимининг ҳимоя ҳужайралари, хусусан, “natural killer” (NK) ҳужайралар фаоллашади. Ушбу ҳужайралар организмни вирус ва яллиғланишлардан ҳимоя қилади.
Японияда ўтказилган машҳур “shinrin-yoku” (ўрмон ваннаси) тадқиқотлари шуни кўрсатдики, уч кунлик қарағай ўрмонида дам олган инсонларнинг танасида NK ҳужайралари сони сезиларли даражада ошган ва бу кўрсаткич камида бир ҳафтагача юқори даражада сақланиб қолган. Олимлар мазкур ҳолатни дарахтлар чиқарадиган табиий ароматик моддалар – фитонцидлар таъсири билан изоҳлайди. Фитонцидлар нафас йўллари орқали танага кирганда асаб тизимини тинчлантиради, юрак уришини секинлаштиради ва иммунитетни фаоллаштиради.















