Жаҳон | 16:07 / 11.10.2025
2672
2 дақиқада ўқилади

Японияда 26 йил фаолият кўрсатган ҳукмрон коалиция парчаланди

Ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи "Комэйто" ЛДП билан ҳамкорликдан воз кечди ва партиянинг янги раҳбари, бош вазирлик учун курашаётган Санаэ Такаичини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.

Фото: AP

Япониянинг ўнг марказчи "Комэйто" партияси 10 октябр, жума куни ҳукмрон коалицияни тарк этди. Бу консерватив сиёсатчи, 64 ёшли Санаэ Такаичи иккинчи бирлашув партияси – мамлакатнинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) раҳбарлигини ўз қўлига олганидан бир ҳафта ўтиб содир бўлди.

Япониянинг Kyodo ахборот агентлигига кўра, коалиция 1999 йилдан бери мавжуд. Такаичи "Комэйто"нинг қарорини «жуда афсусли» деб атади, чунки томонлар «ўтган 26 йил давомида, ҳатто улар ҳокимиятда бўлмаганида ҳам бирга ишлаган».

Томонлар бир ҳафта давомида музокаралар олиб борди ва асосий эътиборни учта масалага қаратди: мамлакат тарихига қараш, "Комэйто"нинг хорижликларга нисбатан эҳтимолий изоляционистик сиёсатидан хавотирлар ва сиёсий молиялаштиришни ислоҳ қилиш. Ушбу сўнгги нуқта билан боғлиқ можаро 2023 йил охирида, баъзи ЛДП фракциялари партия хайрияларини ноқонуний ўзлаштиргани маълум бўлганида бошланди.

ЛДП раҳбари бўлган Такаичи 2023 йил декабрида хайрия пуллари можароси туфайли Сиёсатни ўрганиш кенгаши раиси лавозимидан кетишга мажбур бўлган нуфузли сиёсатчи Коичи Ҳагиудуни асосий партия лавозимига тайинлаганидан кейин можаро яна авж олди.

Айнан молиялаштириш масаласида ЛДП ва "Комэйто" ҳозир келишувга эриша олмади. Ҳукмрон партия нафақат молиялаштириш қоидаларини қайта кўриб чиқишдан бош тортди, балки коррупция можароси бўйича аниқ изоҳ бера олмади, деди "Комэйто" раиси Тэцуо Сайто.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид