2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 59,8 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11,1 млрд долларга ёки 22,9 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 26,7 млрд доллар (+33,3 фоиз), импорт ҳажми эса 33,1 млрд доллар (+15,6 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 6,4 млрд долларгача қисқарган.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (19,1 фоиз), Россия (15,7) Қозоғистон (5,8 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Жанубий Корея (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Дастлабки 9 ойликда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, йирик ҳамкор давлатлардан  Туркманистон (-18,1 фоиз), Жанубий Корея (-12,5 фоиз), АҚШ (-7,7 фоиз) ва Туркия (-2,2 фоиз) билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Қолган 17 та давлат билан умумий савдо ҳажми сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, БАА (+96,7 фоиз), Нидерландия (+59,5 фоиз), Афғонистон (+50,8 фоиз) ва Ҳиндистон (+39,4,3 фоиз) каби давлатлар билан умумий савдо ҳажмида катта ўсиш қайд этилган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 9,9 млрд долларлик (+70,9 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 37,1 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,7 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,7 фоиз), кимёвий воситалар (5,7 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (4,7 фоиз) ва минерал ёқилғилар (4,2 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,2 фоиз), ХХР (5,2 фоиз), Қозоғистон (4 фоиз), Афғонистон (3,8 фоиз), Туркия (3,1 фоиз), Франция (2,6 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз), Тожикистон (1,5 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 37,2 фоизни ташкил этади.

Январь-сентябрь ойларида 546 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,4 фоизга кўп. Бундан ташқари, 456 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (-1,1 фоиз), 115 млн долларлик электр токи (+55,1 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.