«Ливерпул» яна ютқазди, «МЮ»да ғалаба. Кун ўйинлари
|17:28 / 26.10.202510 12815 мин
«Брентфорд» ва «Ливерпул» баҳсида ҳакамни алмаштиришга тўғри келди, Италияда «Наполи» чемпионлик ўйинида устун келди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Гарначо ўйин стартидаёқ яқин бурчакни аниқ нишонга олиб, «Челси» сафидаги илк голини нишонлади. Аргентиналик футболчи – кўклар жамоаси сафида бу мавсумда гол урган ўнинчи футболчига айланди ва Энцо Мареска жамоаси билан бу борада фақат АПЛ етакчиси «Арсенал» бир хил кўрсаткичга эга. Аммо лондонликлар муваффақиятни ривожлантира олишмади, бўлим ўрталарида меҳмонлар тўпурари Изидор мавсумдаги тўртинчи голини уриб, ҳисобни тенглаштирди. Бутун ўйин давомида мезбонлар «қора мушуклар» жарима майдонини қамал қилди, аммо ўз мақсадига эриша олмади, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса рақиб ҳимоячиларнинг хатосидан фойдаланиб, ғалабани илиб кетди, бу уларнинг «Стэмфорд Бриж»да 2014 йилдан буён илк бор ғалаба қозонишидир. Мавсум дебютантларидан бири бўлган «Сандерленд» энди очколари сонини 17 тага етказиб, турнир жадвалида ҳозирча иккинчи ўринга кўтарилиб олди, бу мавсум чемпионлик учун курашиши кутилган «Челси» эса еттинчи ўринда жойлашган.
Чемпионлар лигасида ишлари яхши кетаётган «Нюкасл» ички чемпионатда турнир жадвалининг иккинчи қисмидан кўтарилиш учун кураш олиб бормоқда. Шанба кунги ўйинда бу мақсад сари муҳим қадам ташланди, апрелдан буён гол урмаган Мёрфи эса майдон марказига яқин ҳудудда Бассидан тўпни олиб қўйди ва ўз юришини гол билан якунлади. Аммо «Фулҳэм» иккинчи бўлим бошида мувозанатни тиклади, мезбонлар эса фақат сўнгги дақиқаларда бир амаллаб ғалаба голини уришди. Бу вазиятда ҳам меҳмонлар майдон марказида тўп йўқотишди ва ҳужумни Бруно Гимараэс қайтган тўпни дарвоза тўрига йўллаш билан якунлади.
Мухлислар ҳар турда Рубен Аморимнинг қайғули юзини кўришга ўрганиб қолишганди, у «Олд Траффорд»га келганидан кейин бир неча ёшга қариб кетгандек кўринарди. Аммо энди португалиялик мутахассис ёшариб қолгандек ва юзида табассум билан трибунага келган мухлисларни олқишламоқда. Қаторасига уч ғалаба – бу мухлислар учун ҳақиқий байрам, бу сафарги ғалаба Матеус Кунянинг «МЮ» сафидаги илк голини уриши билан бошланди. Бразилиялик ҳужумчи олис масофадан йўллаган зарбаси билан АПЛнинг бу борадаги энг моҳир футболчиси эканини эслатди. Агар ўтган мавсум бошидан буён ҳисобланса, узоқ масофадан урилган голлар сони бўйича (7) у пешқадамлик қилмоқда. Унинг голига ассистентлик қилган Каземиро эса кўп ўтмай рикошет орқали ҳисобдаги фарқни иккитага оширди. Шундан кейин эса Мбеумо катта саҳнага чиқди. Камерунлик ҳужумчи иккинчи бўлимда ҳисобни йирик кўринишга келтирди, лекин «Брайтон» шундан кейин ташаббусни ўз қўлига олиб, орадаги фарқни минимумгача қисқартирди, Мбеумо эса қўшимча дақиқаларда ўйин тақдирини ҳал қилди. Бу ғалабадан кейин манкунианликлар ҳозирча кучли тўртликка кириб олган.
Шу кунларда Англияда Салоҳ ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Ливерпул» футболчиси экани ҳақидаги маълумотни олиб ташлагани кенг муҳокама қилинмоқда. Мисрлик футболчи ЕЧЛ ўйинида бошланғич таркибга киритилмаганидан кейин шундай йўл тутганди, аммо у шанба куни «Брентфорд» билан ўйинда яна илк дақиқалардан ҳаракат қилди, бу унинг АПЛда узлуксиз 50 ўйинда стартда тушиши бўлди, бунақаси ҳали мерсисайдликлар тарихида ҳеч бир ҳужумчи билан кузатилмаган. Мезбонлар тезкор гол билан ҳисобни очишгач, 17 сентябрдан буён давом этаётган голсиз серияси қайд этаётган Салоҳдан ўзини кўрсатиш талаб этиларди, унда бундай имконият юзага келганида эса тўпни дарвоза тўрига йўллаш ўрнига собиқ жамоадоши Келлеҳерга жароҳат етказишига бир бахя қолди. Унинг ортидан Вирц ҳам жарима майдони марказида туриб тўғри зарба бера олмади.
Мезбонлар ҳам вазиятлар яратишда номдор рақибидан қолишмади, Мамардашвили Дамсгорнинг дарвоза тўсини остига бораётган зарбасини бартараф этишига тўғри келди, аммо гуржистонлик посбон яккама-якка вазиятга чиқиб келган Шаде қаршисида ожиз қолди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Керкез мерсисайдликлар сафидаги илк голини урди, аммо бу меҳмонларнинг муқаррар мағлубиятини бекор қила олмади.
Танаффусда ғаройиб алмаштириш амалга оширилди. Йўқ, Слот бу сафар ҳам ўйини чиқмаган Салоҳни алмаштиришга журъат қилмади. Ўйин ҳакам Хупер учун муддатидан олдин якунланди. Биринчи бўлим охирида у жароҳат олгани маълум бўлди, шу туфайли иккинчи бўлим бошланиши бироз кечикди, унинг ўрнига туширилган Робинсон қизиб олиши учун маълум вақт талаб этилди.
Янги ҳакам эса ван Дейкнинг қўполлигидан кейин меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйди, бу вазиятда нидерландиялик ҳимоячи рақиб ҳужумчиси Уаттарани жарима майдони ичидан қўллари билан туртиб чиқарди ва кейин оёғини босиб олди.
Белгиланган пеналтини эса мезбонлар тўпурари Тиаго аниқ ижро этиб, мавсумдаги олтинчи голини урди.
Салоҳ эса Собослаининг ёрдами билан узоқ кутилган голини урди, аммо бу амалда ҳеч нарсани ўзгартирмади.
90+1-дақиқада ван Дейк яна бир бор эҳтиётсизлик қилиб, жарима майдони ичида тирсаги билан Тиагонинг бўйин қисмига зарба берди, аммо бу сафар Робинсон уни аяди.
Ҳакам ўйинга 11 дақиқа қўшиб берди, аммо «Брентфорд» ўзи ҳақли бўлган ғалабали ҳисобни ушлаб қолди. Жамоалар биргаликда дарвозаларга 34 бор зарба беришди (17:17), дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича мезбонлар устунликка эришди (8:5).
АПЛнинг ўзида қаторасига тўртинчи ўйинда мағлуб бўлган «Ливерпул»да инқироз давом этади. Бу Арне Слот шогирдларининг бутун ўтган мавсум давомида учралган мағлубиятлари сонига тенг.
Жароҳат туфайли августдан буён ўйнай олмаётган Жерар Моренонинг қайтиши юбилей ўйинга тўғри келди — ушбу тажрибали форвард «Вилярреал» сафидаги 300-ўйинда майдонга тушди. У биринчи бўлим охирида пеналтидан аниқ зарба йўллаб, ўз қайтишини гол билан нишонлади. Жерар ла лигада қаторасига ўн иккинчи мавсумда гол уриб, Гризманн, Иняки Уилямс ва Аспас каби футболчиларнинг натижасини такрорлади. Иккинчи бўлимда эса Санти Комесаня ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Марселино Торал шогирдлари энди турнир жадвалининг учинчи ўрнида мустаҳкам жойлашган. Олдинда фақат бугун бўлиб ўтадиган класико иштирокчилари жойлашган. Қолаверса, «Валенсия» энди «сариқ сумбариналар» учун ички чемпионатдаги энг қулай рақибга айланди (+22=11-18).
Чемпионлар лигасида ПСВдан учралган шармандали мағлубиятдан (2:6) кейин «Наполи» ўз мухлислари қаршисида айбини ювди ва «Милан»нинг «Пиза» билан ўйинда очко йўқотишидан (2:2) фойдаланган ҳолда биринчи ўринга қайтди. Аммо Антонио Конте шогирдларига осон кечмади. Биринчи бўлимда Ваня Милинкович-Савич Лаутаро Мартинеснинг хавфли зарбасини қайтаришига тўғри келди, нерадзуррилар ҳимоячилари Бастони ва Дюмфрис эса навбати билан дарвоза устунларини нишонга олишди. Барчасини Мхитарян ўз жамоаси жарима майдонида ишлатган фол ўзгартириб юборди, бу вазиятда арманистонлик яримҳимоячи жароҳат олиб майдонни тарк этди, Де Брюйне эса пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобн очди. Қизиқ томони, белгиялик яримҳимоячининг ўзи ҳам зарба бериш вақтида жароҳат олди ва ўйинни давом эттира олмади.
Ўйиннинг иккинчи бўлими неаполитанликлар сценарийси остида кечди. Спинаццола 54-дақиқада рақиб ҳимоячилари ортида қолиб кетган катта зонага тўп етказиб берди, марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Мактоминайда тўпни ўзига бўйсундириш ва олис бурчак томон аниқ зарба бериш учун етарлича кўп вақт бўлди. Бир неча дақиқа ўтиб Ҳоқон Чалхонўғли ҳам пеналтидан гол уриб ҳисобни тенглаштирди, аммо кўп ўтмай Замбо-Ангисса ўйин тақдирини ҳал қилган голни урди. «Интер»нинг барча турнирлар доирасида етти ғалабадан иборат сериясига барҳам берилди, Конте эса Италия чемпионатининг ўзида учинчи жамоа билан очко тўплаш бўйича 100 талик довонни забт этди. Неаполда ушбу мураббий 46 ўйинда бу натижага эришди, бу «Интер»дагидан (47) тезроқ, аммо «Ювентус»да (44) бундан тезроқ бўлганди.
Германия: Мюнхеннинг янги қаҳрамони ва Дортмунднинг характери
Менхенгладбахдаги ўйин йўллардаги тирбандликлар туфайли кечикиш билан бошланди ва бу «Бавария»ни ритмдан чиқариб юборди. Дастлабки ҳужумда юзага келган имкониятдан фойдалана олмаган (Диас аниқ зарба бера олмади) мюнхенликлар анчагача мезбонлар ҳимоясини ёриб ўта олмади, ҳолбуки рақиб сафида 19-дақиқадаёқ Кастроп қизил карточка олган ва меҳмонлар бир киши кўп бўлиб ўйнай бошлаганди. Шу куни Кейн мавсум бошидан буён илк бор майдонни голли ҳаракатсиз тарк этишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, амалдаги чемпионлар Бундеслиганинг сўнгги ўриндаги жамоасини таслим қилишга эришди, 64-дақиқада жарима майдони марказида Гнабрининг узатмасини қабул қилиб олган Киммих зарба берди, унинг дастлабки зарбасини ҳимоячи тўсганди, аммо иккинчи уриниш муваффақиятли чиқди. Бир неча дақиқа ўтиб захирадан ўйинга қўшилган Рафаэл Геррейра ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлади, мезбонларга эса VAR аралашувидан кейин белгиланган пеналти ҳам ёрдам бермади – Штегер дарвозабонни алдай олган бўлса-да, тўп дарвоза устунига борди. Ҳафта ўртасида EЧЛда мухлисларни ўзига мафтун этган 17 ёшли Карл бу сафар ҳам ўзини кўрсатди, унинг узоқ масофадан берган ажойиб зарбаси амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. «Бавария» бу натижадан кейин «Милан»нинг 1992 йилги рекордини янгилаб, топ-5 лигалар тарихида мавсумни 13 ғалаба билан бошлаган илк жамоага айланди.
Шанба кунининг энг драматик баҳси Дортмундда бўлиб ўтди, бу ерда «Боруссия» «Кёлн»ни ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқадагина таслим эта олди. Ҳолбуки бунгача «асаларилар»да гол уриш учун етарлича вазиятлар бўлганди, аммо меҳмонлар дарвозасидаги Швебе сеҳргар режимини ёқиб олганди. Аммо ҳал қилувчи дақиқада Байернинг зарбасидан кейин тўп рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди. Энди Нико Ковач шогирдлари камида «Байер» ва «Штутгарт»нинг якшанба куни бўлиб ўтадиган ўзаро ўйини якунига қадар учинчи ўринда қолади.