27 октябр куни Буюк Британия бош вазири Кеир Стармер лавозимга келганидан буён илк бор Туркияга ташриф буюрди. Ташрифи чоғида Стармер президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Eurofighter Typhoon қирувчиларини харид қилиш бўйича келишувни имзолади ва уни «тарихий лаҳза» деб атади.

Келишувга кўра, Британия 10,7 млрд доллар эвазига 20 та янги Eurofighter Typhoon қирувчисини Туркияга етказиб беради. Лондоннинг билдиришича, Туркия янги Typhoon'нинг дастлабкисини 2030 йилда қабул қилади. Стармер музокаралар доирасидаги битимда яна қўшимча харид қилиш опцияси ҳам мавжудлигини билдирди.

«Бу тарихий келишув Британия ишчилари учун ютуқ, мудофаа саноатимиз учун ютуқ ва НАТО хавфсизлиги учун ҳам ютуқдир», деди Стармер.

«Туркия муҳим НАТО иттифоқчиси ва Қора денгизнинг қўриқчиси ҳисобланади. Уларни энг замонавий Typhoon қирувчи самолётлари билан таъминлаш НАТОнинг салоҳиятини кучайтиради ва ҳаммамизни янада хавфсиз қилади», деди Британия мудофаа вазири Жон Ҳили.

Фото: Туркия мудофаа вазирлиги

Британия ҳукуматига кўра, «бу авлоддаги энг йирик қирувчи самолёт экспорт битими» — Эдинбург каби шаҳарларда 20 минг кишилик ишчи кучини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Эрдўғаннинг айтишича, «бу келишув икки яқин иттифоқчи сифатидаги стратегик муносабатларнинг янги белгиси».

Бундан ташқари, Туркия мудофаа вазирлиги Оман ва Қатардан ҳам яна 12 тадан, жами 24 та Typhoon қирувчилари сотиб олинишини билдирди. Бу самолётлар фойдаланилган, аммо тез орада етказилиши туфайли Туркиянинг зудлик билан эҳтиёжларини қондиради. Янги самолётлар эса кейинги йилларда Британиядан олинади.

Исроил билан курашда ҳавода устунликни таъминлаш

Ушбу келишув — Туркиянинг минтақадаги рақиблари, хусусан, Исроил билан ҳарбий технологиялар бўйича тенглашишга интилаётган бир пайтда амалга ошмоқда. Шу билан бирга Европа — НАТОнинг иккинчи энг катта армияси ва қуролланган дронларнинг йирик экспортчисига айланган Туркияга тобора кўпроқ таянмоқда.

Минтақада ҳарбий қудратли ҳисобланган Исроил АҚШдан етказиб берилган юзлаб қирувчилар билан Эрон ва Сурия, шунингдек, Ливан ва Қатарга ҳаво ҳужумлари уюштирди.