Жаҳон | 10:07 / 31.10.2025
2243
2 дақиқада ўқилади

Сумида РФ дронлари турар жойларга зарба берди, жабрланганлар бор

Сергей Кривошеенко — шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари — маълум қилишича, Суми шаҳрига 10 та Россиянинг учувчисиз учиш аппарати (дрон) ҳужум қилган. Дронлар тўққиз қаватли ва икки қаватли турар жой уйига урилган.

Фото: Francisco Richart/ZUMA/picture alliance

Россия қўшинлари 30 октябр куни кечқурун Сумига дрон зарбалари бергани ҳақида маҳаллий ҳокимият хабар тарқатди. «Суми — дронларнинг оммавий ҳужуми остида. Шаҳарнинг Ковпаковский туманида фуқаролик инфратузилмаси объектлари зарба остида. Жабрланганлар бор», — деб ёзди Сергей Кривошеенко Telegram’да маҳаллий вақт билан соат 22:10 да.

Орадан бир соат ўтгач, Кривошеенко Заречний туманидаги кўп қаватли уйга зарба берилганини, ёнғин ва катта вайронагарчилик қайд этилганини маълум қилди. Ковпаковский туманидаги икки қаватли турар жой ҳам шикастланди.

Сумининг вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровга кўра, бир соат ичида шаҳарга Россия томонидан 10 та дрон билан ҳужум қилинган. «Барча зарбалар — фуқаролик инфратузилмасига аниқ қаратилган ҳолда», — деб ёзди у Telegram’да. У дронлар тўққиз қаватли ва икки қаватли уйларга урилганини тасдиқлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, кўп қаватли уйга берилган зарба оқибатида ёш қиз ва кекса аёл жабрланди. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Икки қаватли уйда эса тўрт киши жароҳат олгани маълум.

30 октябр тонгида Сумидаги ёнилғи қуйиш шохобчаси дрон ҳужумига учради. Оқибатда тўрт киши жабрланди, автомобиллар шикастланди. 27 октябр тонгида Россия ҳужуми сабаб Сумининг айрим қисми электр таъминотисиз қолган, вилоят бўйлаб авариявий ўчириш режими жорий этилган эди.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, 2025 йил бошидан буён РФ қўшинлари Суми ҳудудига «турли хил қуроллар» билан 543 та ҳужум амалга оширган. 72 киши ҳалок бўлди, яна 434 киши яраланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид