Туркия нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ) Ироқ ва Қозоғистондан кўпроқ нефт сотиб ола бошлади, деб ёзади Reuters агентлиги 2 ноябр куни хабардор манбаларга таяниб. Бу ҳолат АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Москва Украинадаги урушни давом эттираётгани учун Россия нефт секторига санкциялар жорий этганидан кўп ўтмай рўй берди.

Маълумотларга кўра, Туркиядаги йирик НҚЗдан бири — Озарбойжоннинг SOCAR компаниясига тегишли SOCAR Turkey Aegean Refinery — яқинда «декабр ойида етказиб бериш шартлари билан Ироқ, Қозоғистон ва бошқа таъминотчилардан тўрт партия хом нефт» харид қилган.

Бошқа йирик қайта ишловчи — Tupras ҳам Россиядан эмас, жумладан Россиянинг Urals турига ўхшаш Ироқ турларидан нефт харидини оширмоқда. Reuters ҳамсуҳбатларининг тахмин қилишича, икки катта НҚЗга эгалик қилувчи Tupras яқин вақтда заводлардан бирида Россия нефтини импорт қилишни бутунлай тўхтатиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур турк компанияси илк бор Бразилиядан нефт сотиб олди, ноябр бошида эса Анголанинг Mostarda туридан иккинчи партияни кутиб олмоқда.

Хитой ва Ҳиндистон билан бир қаторда Туркия ҳам Россия нефтининг кам сонли йирик харидорларидан бири ҳисобланади. Reuters манбаларига кўра, ноябрда Туркия суткасига 141 минг баррел Ироқ нефтини қабул қилади — бу октябрдаги 99 минг баррел/суткадан ва жорий йилдаги ўртача 80 минг баррел/суткадан кўпроқ. Шу билан бирга, октябргача Туркия нефт импортида суткасига 317 минг баррел (ёки 47 фоиз) Россия нефти ҳиссасига тўғри келган.

22 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Кремл Украинадаги урушни тўхтатишдан бош тортганидан сўнг Россиянинг энг йирик икки нефть компанияси — «Роснефть» ва «Лукойл», шунингдек уларнинг 34 та шуъба тузилмасига санкциялар жорий қилди. АҚШ Молия вазирлиги чекловларга тушган компаниялар билан операцияларни якунлаш учун бир ой муддат берди.

Октябрда «Газпром»нинг Европага етказиб бериши «Турк оқими» газ қувурининг битта тармоғи орқали ўсди. Бундан 1 ноябр куни Европа газтранспорт тизимлари операторлари тармоғи — ENTSOG сайтида эълон қилинган очиқ маълумотлар гувоҳлик беради.

Ушбу маълумотларга кўра, Туркия—Болгария чегарасидаги «Странджа 2 / Малкочлар» кириш нуқтаси орқали октябр ойида 17 403 ГВт·соат газ ўтган. Бу сентябрга нисбатан 8,7 фоизга ва 2024 йил октябрига нисбатан 13 фоизга кўп. Жорий йил бошидан бу йўналиш орқали жами 152 000 ГВт·соат газ етказиб берилди — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5 фоизга кўп.