Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада оғир аҳволга тушиб қолган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилди
Ўзбекистон элчихонаси, Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Украина ва Молдова бўйича офислари ҳамкорлигида Киев вилоятида қийин вазиятга тушиб қолган 19 фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.
Ўзбекистон элчихонасининг тезкор ва ҳамоҳанг ҳаракатлари, Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Украина ва Молдова офислари билан ҳамкорликдаги иши туфайли Киев вилоятида оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларнинг 19 нафари ватанга қайтарилди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Украина ОАВда 18 сентябр куни Киев вилоятидаги иссиқхонада мажбурий меҳнатга яқин шароитда бўлган ҳамюртимиз ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бу вазият дарҳол дипломатик назоратга олинди.
Ўзбекистон элчихонаси қисқа фурсатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш, Украинадан хавфсиз чиқиб кетиши учун ҳужжат ва ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни йўлга қўйди.
Музокаралар натижасида барча 19 нафар фуқарога расман «жабрланувчи» мақоми берилди. Бу эса Украина қонунчилигига мувофиқ уларга нисбатан қандайдир санкция қўллаш имконини истисно қилади.
ХМТнинг Украина ва Молдова офислари томонидан бевосита молиялаштириш асосида 28 октябр куни фуқаролар Киевдан Кишинёвга автотранспортда етказилди. Молдова пойтахтида бўлиш даврида уларга хавфсиз яшаш шароити, овқатланиш ва зарур кўмак тақдим этилди. 2 ноябр куни барча 19 нафар фуқаро ХМТ вакиллари ҳамроҳлигида Кишинёв–Истанбул–Урганч авиайўналиши бўйича парвоз қилиб, 3 ноябр куни соғ-омон Ўзбекистонга етиб келди.
Фуқароларни қайтариш ҳолати чет элдаги ватандошлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзбек дипломатиясининг изчил ва самарали фаолиятининг навбатдаги муваффақиятли намунаси бўлди, дейилади хабарда.