Англия: «Сандерленд» ажаблантиришда давом этмоқда

«Тоттенҳэм» – «Манчестер Юнайтед» 2:2
Голлар: Мбемо, 32 (0:1). Тел, 84 (1:1). Ришарлисон, 90+1 (2:1). де Лигт, 90+6 (2:2)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро (Дансо, 88), ван де Вен, Спенс, Порро (Удожи, 67), Палиня (Бентанкур, 79), Сарр, Симонс (Тел, 79), Ришарлисон, Жонсон, Коло Муани (Одобер, 46)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр (Йоро, 72), Шоу, де Лиҳт, Бруну Фернандеш, Каземиро (Маунт, 72), Доргу (Далот, 80), Мазравий (Шешко, 58), Куня (Угарте, 72), Диалло, Мбемо
Огоҳлантиришлар: Жонсон, 29. Ромеро, 34. Палиня, 75. Ришарлисон, 90. Дансо, 90 – Доргу, 79

«МЮ» мавсумни муваффақиятсиз бошлаган, «Тоттенҳэм» эса Томас Франк бошчилигида, аксинча, анча ишончли ўйнаётганди. Лекин кейин барчаси ўзгариб кетди. Охирги турларда «Юнайтед» яхши натижалар қайд эта бошлади, аввалига истеъфо ёқасига келиб қолган Аморим октябр ойининг энг яхши мураббийи сифатида тақдирланди. «Тоттенҳэм» эса ўз майдонидаги ўйинларда жуда ёмон натижалар қайд этиб, турнир жадвалида пастлаб кетди.

Лондонликлар бу сафар ҳам ўз уйида ишончсиз ҳаракат қилди ва биринчи бўлим ўрталаридан ўтганда ҳимоядан чиқишда тўп йўқотилиши қимматга тушди, сўнгги ўйинларда юқори спорт формасига чиққан Мбемо Амаднинг узатмасини голга айлантирди. У сўнгги беш ўйинда беш гол уриб, бир ассист муаллифи бўлган.

Лекин иккинчи бўлимда манчестерликлар ўйинни ташлаб юборди ва ўз дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратилишига йўл қўйиб беришди. Аморим дарҳол футболчиларни алмаштиришга киришди, аммо бу муқаррар голлардан қутқара олмади. Аввалига «Тоттенҳэм»нинг голи офсайд туфайли инобатга олинмади, аммо бир неча дақиқа ўтиб барибир Тел қарши ҳужумда ҳисобни тенглаштирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Одобернинг узатмасидан кейин Ришарлисон иккинчи голни урди. «Шпорлар» бу голни ғалаба голидек нишонлашди, бразилиялик ҳужумчи қувончдан футболкасини ечиб ташлади ва голни нишонлаш узоқ давом этди.

Аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади, барча ҳиссиётларини голни нишонлашга сарфлаб юборган мезбонлар диққатни йўқотишди ва сўнгги дақиқада Де Лиҳт бурчакдан узатилган тўпни бошда дарвозага йўллаб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. «МЮ» Аморим бошқарувида илк бор қаторасига беш ўйинда ютқазмаяпти.