Англия: «Сити» «Ливерпул»ни яксон қилди

«Манчестер Сити» – «Ливерпул» 3:0
Голлар: Ҳоланд, 29 (1:0). Гонсалес, 45 (2:0). Доку, 63 (3:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоланд, 13’
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Матеус Нунес, Гонсалес, Фоден, Бернарду Силва, Доку (Мармуш, 74), Шерки (Савио, 53), Ҳоланд
«Ливерпул»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате, Робертсон (Керкез, 56), Брэдли (Гомес, 83), Макаллистер (Жонс, 74), Гравенберҳ, Собослаи, Вирц (Киеза, 83), Салоҳ, Экитике (Гакпо, 56)
Огоҳлантиришлар: Гонсалес, 27. Бернарду Силва, 41 – Макаллистер, 36. Брэдли, 52. Жонс, 89. Собослаи, 90

«Сити» ва «Ливерпул» – сўнгги ўн йилликда АПЛнинг янги классикасига айланган. Сўнгги саккиз мавсумдаги чемпионлик титуллари фақат шу икки жамоа ўртасида тақсимланган. Лекин бу мавсумда улар бир-бирини эмас, «Арсенал»ни қувмоқда. Шанба оқшомида лондонликлар дуранг ўйнаб қўйгани «Этиҳад»даги учрашувга қизиқишни янада оширди.

«Ливерпул» ҳафта ўртасида «Реал»га қарши ўйнаган ва номдор рақибга ҳеч қандай имкон қолдирмаган таркибни туширди. «Сити»да эса Чемпионлар лигасидаги бошланғич таркиб билан солиштирганда учта ўзгариш бўлди – Стоунз, Савио ҳамда Рейндерс ўрнини Диаш, Силва ва Шерки эгаллади.

«Сити» ўйинни мезбонларга хос тарзда бошлади. Олдинги чизиқда одатдаги каби Ҳоланд фаоллик кўрсатди, Доку, Силва, Фоден ва Шерки эса унга вазиятлар яратиб беришга ҳаракат қилишди. Шундай вазиятлардан бирини Доку юзага келтирди, у ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб, жарима майдонига кириб борди ва пеналти ишлади. Кавана видеотакрордан кейин 11 метрлик нуқтани кўрсатди, аммо бу қарор баҳсли эди. Бу вазиятда белгиялик вингер дарвозабонга урилиб йиқилганидан кейин ҳам тўп мезбонларда қолди, ҳакам ўйинни давом эттиришга қўйиб берди, Бернардунинг кетма-кет зарбалари ҳимоячилар тўсиғидан ўтмади. Шундан кейин эса VAR хонасидагилар Каванани монитор қаршисига чақиришди ва пеналти белгиланди.

Нуқтага яқинлашган Ҳоланд эса 11 метрдан зарба беришда адашди. Лекин у кейинроқ нисбатан мураккаб вазиятдан гол урди. Иккала ҳолатда ҳам барча саволларни Конатега қаратиш мумкин. Биринчи ҳолатда фолни расман дарвозабон Мамардашвили ишлатганди, аммо ундан олдин айнан Конате тўпни рақибга бериб қўйганди. Иккинчи ҳолатда эса франциялик ҳимоячи ҳавода тўп учун курашни Ҳоландга бой берди.