Ўзбекистон | 11:01 / 15.11.2025
1716
2 дақиқада ўқилади

Кўксаройда Ўзбекистон–Қозоғистон стратегик иттифоқчилигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

15 ноябр куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди. Давлат ташрифи доирасидаги учрашув Ўзбекистон–Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга кўтариши таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар аввалида шу кунларда амалга оширилаётган давлат ташрифи Ўзбекистон–Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тарихида янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форуми, Қозоғистон тиббиёти кунлари, қозоқ фильмлари намойиши, Остона кунлари ҳамда қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан таъкидланди.

Йилнинг ўтган даври мобайнида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард долларга етди. Ўзаро савдони янада ошириш ва импорт ўрнини босиш орқали бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 40 дан ортиқ авиақатнов амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда 6,5 мингта қўшма корхона ташкил этилгани, устувор тармоқларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Саноат кооперациясини ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар портфели шакллантирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф этилди.

Музокаралар давомида энергетика, транспорт, кимё саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг биринчи Кенгашини 2026 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид