ЖЧ-2026 саралаши доирасида Европадаги ўтиш баҳслари учун қуръа ташланди. Қуръа яримфинал жуфтликлари ва финаллардаги эҳтимолий рақибларни аниқлаб берди. Ўйинлар 2026 йил мартида бўлиб ўтади.

Ўтиш ўйинларига қайси жамоалар чиққан?

Европадаги 16 жамоа жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттиради: булар гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган 12 жамоа ҳамда УЕФА Миллатлар лигаси гуруҳларида ғолиб бўлган тўрт жамоа.

Жамоалар плей-оффдаги тўрт сеткага тақсимланди, ҳар бирида – тўрттадан жамоа. Жуфтликлар 20 ноябр куни ўтказилган қуръа орқали маълум бўлди. Қуръани Италия миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Марко Матерацци ва швециялик собиқ ҳужумчи Мартин Далин томонидан ўтказилди.

Яримфинал баҳслари 2026 йил 26 мартида, финаллар – 31 март куни бўлиб ўтади.

Биринчи сетка

Италия – Шимолий Ирландия

Шимолий Ирландия A гуруҳида учинчи ўринни эгаллади, аммо Миллатлар лигаси орқали ўтиш ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди ва энди бу сафарги саралашда ҳам беқарор ўйин кўрсатган Италияга қарши ўйнайди.

Саралашнинг гуруҳ босқичида «Скуадра адзурра» Норвегия билан икки ўйинни ҳам бой берди (0:3, 1:4). Саралаш циклини футболчилар Лучано Спаллетти бошқарувида Ослодаги йирик мағлубият билан бошлаганди, муваффақиятсизлик Миланда – Женнаро Гаттузо бошчилигида давом этди.

Охирги тур ўйинидан кейин мураббий шундай сўзлар айтди: «Биз узр сўраймиз. «Сан Сиро»да 1:4 ҳисобида ютқазиш – ёқимсиз ҳолат. Бу ўйинда ҳали ҳам камчиликлар борлиги кўринди: футболчилар гол ўтказиб юборишимиз билан ваҳимага тушиб қолишди».

Уэлс – Босния (жуфтлик ғолиби ўйинини уйда ўтказади)

ФИФА рейтингида 32-ўринда жойлашган Уэлс саралаш босқичини яхши ўтказиб, 16 очко жамғарди, аммо Белгиядан (18) ортда қолди. 2025 йил ёрқин ғалаба билан якунланди – охирги турда иккинчи ўрин учун рақобатчи бўлган Шимолий Македония 7:1 ҳисобида тор-мор этилди.

Аммо боснияликлар ҳам муносиб иштирок этишди: Руминия гуруҳда қолдириб кетилди, сўнгги турда гуруҳ пешқадами Австрия билан дуранг ҳисоб қайд этилди (1:1).

Австрияликлар устози Ралф Рангник ўйиндан кейин шундай деганди: «Ўйин оғир бўлди. Жуда оғир. Агар боснияликлар шундай ўйнашда давом этишса, улар ҳам жаҳон чемпионатига чиқади».