Таълим | 14:16 / 24.11.2025
1846
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Германия дуал таълим ва илмий кластерлар яратиш бўйича келишиб олди

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг тадқиқотлар, технология ва космос федерал вазирлиги, DAAD ва DFG ҳамкорлигида “Ўзбекистон–Германия университетлари биринчи форуми” ўтказилди. Унда дуал таълим, саноат ва таълим интеграцияси, илмий кластерлар яратиш бўйича келишувларга эришилди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" АА мухбири хабар беришича, форумда Германия томонидан вазирликлар, университетлар, тадқиқот институтлари, илмий марказлар, таълим грантлари билан шуғулланувчи фондлар, Ўзбекистон томонидан эса олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Сардор Ражабов бошчилигидаги делегация иштирок этди. Жами икки мамлакатдан 200 га яқин олийгоҳ ва илмий муассаса вакиллари тўпланди.

Элчи Дилшод Ахатов ўз чиқишида сўнгги йилларда Ўзбекистон–Германия муносабатлари, жумладан, таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганини, биринчи марта ўтказилаётган ушбу форум ўзаро муносабатларда тарихий қадам эканини таъкидлади. У Тошкентда 28 октябр куни бўлиб ўтган маданий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия йиғилишида ҳам университетлар ўртасида академик мобиллик, қўшма лойиҳалар ва ёш олимлар ташаббусларини кенгайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилганини эслатиб ўтди.

Вазир биринчи ўринбосари Сардор Ражабов Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги таълим ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиб, дуал таълимни жорий этиш, саноат ва таълим, саноат ва илмий тадқиқотлар интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.

Германия университетлари ректорлари конференцияси президенти Валтер Розентал ҳамда Германия тадқиқотлар жамияти (DFG) вице-президенти Карин Якобс чиқишида Ўзбекистон билан илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, юқори даражадаги илмий тадқиқотлар кластерларини яратиш, академик алмашинув ва қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Форум доирасида "Таълим ва академик ҳамкорлик", "Илмий тадқиқотлар ва инновациялар" мавзуларида сессиялар ўтказилди, икки томонлама учрашувларда эса университетлар ректорлари ўртасида янги йўналишлар бўйича келишувлар имзоланди. Якуний натижа сифатида 60 дан ортиқ меморандум ва келишувлар тузилди, қатор немис профессорларига Ўзбекистон олийгоҳлари томонидан "Фахрий профессорлик" унвонлари топширилди.

Форум замонавий илм-фан, инновация ва олий таълим соҳасида Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, дуал таълим тизими ва илмий кластерларни ривожлантириш учун муҳим платформа сифатида баҳоланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид