Иқтисодиёт | 17:26 / 25.11.2025
3454
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Германия шаҳарлари молиявий инқироз ёқасида: умумий бюджет тақчиллиги 30 миллиард евро

Германия шаҳарлари молиявий инқирозга юз тутди. Деярли барча шаҳарлар 2025 йилни бюджет танқислиги билан якунлайди. Умумий дефицит 30 миллиард еврога етиши мумкин. Ҳолатга солиқ тушумлари камайиши ва ижтимоий харажатлар ошиши сабаб сифатида келтириляпти.

Фото: REUTERS

Германия ҳудудлари жиддий молиявий муаммога дуч келяпти, дея ёзди Focus нашри. 2025 йилни мамлакатнинг деярли барча шаҳри бюджет тақчиллиги билан якунлаши кутиляпти. Умумий дефицит 30 миллиард еврога етиши мумкин.

Шаҳар мэрлари бу ҳолатга солиқ тушумларининг камайиши ва ижтимоий харажатларнинг ошиши сабаб бўлганини келтириб ўтган. Саноат тармоғидаги пасайиш даромадларни қисқартирган. Ўз навбатида ижтимоий ёрдам, уй-жой ва қочқинларни жойлаштириш харажатлари тобора ортиб боряпти.

«Германияда деярли ҳар бир шаҳар банкротлик ёқасида — ҳудуди ёки сиёсий раҳбариятидан қатъи назар», деган Эссен мэри Томас Куфен. 

Тақдим этилган маълумотлар ҳам муаммо кўламини яққол кўрсатяпти. Энг катта тақчиллик Берлин ҳиссасига тўғри келади — 4,3 миллиард евро. Кёлнда бу кўрсаткич 600 миллион, Дюсселдорфда 400 миллион еврони ташкил этмоқда. Агар вазият яна ёмонлашса, шаҳарлар ёшлар марказлари, музейлар ва бошқа давлат муассасалари молиялаштирилишини қисқартиришга мажбур бўлиши мумкин.

Германиянинг энг кўп аҳолига эга ҳудуди — Шимолий Рейн-Вестфалияда 396 та шаҳар ва тумандан фақат 10 тасигина бюджетни мувозанатда ушлаб туришга муваффақ бўлган. Куфеннинг сўзларига кўра, Эссен 2025 йилни 1,7 миллион евро профицит билан якунлашни режалаштирган, аммо айни пайтда 123 миллион евро тақчиллик прогноз қилиняпти. У буни ижтимоий харажатлар кескин ошиши, давлат секторидаги мақбуллаштирилган ойликлар ва федерал ҳамда ҳудудий ҳукуматлар юклаган янги мажбуриятлар билан изоҳлаган.

13 та федерал ҳудуднинг шаҳар раҳбарлари вазият бўйича канцлер Фридрих Мерцга мурожаат қилиб, шошилинч ёрдам сўраган. Мерц муаммонинг жиддийлигини тан олган бўлса-да, ҳеч қандай молиявий ёрдам ёки енгиллик таклиф қилмаган. Фақат “давлат маблағларини эҳтиёткорлик билан сарфлаш”га чақириш билан чекланган.

Молиявий инқироз фақат шаҳарларнигина эмас, балки бутун Германия иқтисодиётини ҳам қамраб олган. 2025 йилнинг учинчи чорагида мамлакат ЯИМ ўсиши тўхтаб қолди. Рецессиянинг олди олинган бўлса-да, иқтисодчилар огоҳлантиришяпти: АҚШ тарифлари ва Хитой билан рақобат Германиянинг экспортга йўналтирилган тармоқларига босимни кучайтиради. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид