Жаҳон | 15:36 / 27.11.2025
2443
3 дақиқада ўқилади

Каллас: Россиянинг ёзги ҳужуми муваффақиятсиз бўлди, Путинга босимни кучайтириш керак

Россиянинг Украинадаги ёзги ҳужуми муваффақиятсиз якунланди, деди Кая Каллас. У урушни тўхтатиш бўйича музокаралар муваффақиятга эришиши учун яхши имкониятлар борлигига ишонч билдирди.

Фото: ZUMA Press

ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас Украинадаги урушга барҳам беришга қаратилган АҚШнинг амалдаги ташаббуси имкониятларини ошириш учун Россияга нисбатан босимни кучайтиришга чақирди.

«Украина ва Европа учун энг яхши натижани таъминлаш мақсадида бу йўналишда ишни тезлаштириш зарур. Бу – Россияни урушни давом эттириш воситаларидан маҳрум этиш учун кўпроқ санкциялар, шунингдек, Украинага янада кўпроқ ҳарбий ва молиявий ёрдам дегани», — деди Каллас пайшанба, 27 ноябр куни ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва уларнинг украинaлик ҳамкасби Андрей Сибига иштирок этган видеоконференция якунланганидан сўнг.

Европа дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирча Россиянинг ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини кўрсатадиган ҳеч қандай аломатлар йўқ. Шу билан бирга, «биз Россия ҳақиқатан ҳам музокара олиб боришга мажбур бўладиган вазиятга тушадиган мақсадга яқинлашяпмиз», дея таъкидлади Кая Каллас.

Унинг фикрича, «Россиянинг ёзги ҳужуми муваффақиятсиз бўлди, АҚШ ва ЕИ санкциялари эса улкан самара бераётганини кўрсатмоқда», натижада Россия «пул ҳам, аскарлар ҳам йўқотяпти». Агар Москва ўз мақсадларига ҳарбий йўл билан эриша оладиган бўлса, «буни аллақачон қилган бўлар эди», деди Каллас.

Унинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин керакли натижага жанг майдонида эриша олмаяпти, шунинг учун энди ўз мақсадларига музокара столи орқали эришишга уриниб кўради.

АҚШнинг тинчлик режаси устидаги иш давом этаётган бир пайтда Кая Каллас Украинани қўллаб-қувватлашни имкони борича максимал даражада оширишга чақирди.

«Дунёда вазият бунчалик равшан бўлиб турган камдан-кам можаролар бор», — деди ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили. «Бу ерда агрессор бор ва қурбон бор, эътибор эса қурбон — Украина нимага чекинишга мажбур бўлиши кераклигига эмас, агрессор — Россия нима қилиши кераклигига қаратилган бўлиши лозим», — деб тушунтирди Кая Каллас.

ЕИда музлатилган Россия активларини Украина эҳтиёжлари учун ишлатиш масаласида Каллас тезкор қарор қабул қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, «репарация кредити» 2026 ва 2027 йилларда Украина молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун энг аниқ механизм ҳисобланади ва шу билан бирга «Москвага вақтни чўзиш унга фойда келтирмаслиги ҳақида аниқ сигнал беради».

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид