Украина денгиз дронлари Қора денгизда Россиянинг «яширин флоти»га мансуб бўлган нефт ташувчи иккита танкерига зарба берди, бу ҳақда Украина расмийлари хабар берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда дронлар кемаларга яқинлашиб келгани ва кейин портлаш рўй берганини кўриш мумкин. Бу вақтда Қозоғистон Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорциумининг нефт терминалига берилган зарба юзасидан норозилик билдирди.

Туркия ҳукумати маълумотига кўра, ҳужум оқибатида «Кайрос» ва «Вират» номли танкерлар шикастланган, Гамбия байроғи остида ҳаракатланган бу кемалар Украинага босқин туфайли қўлланган халқаро санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россия нефтини ташигани учун Буюк Британия ва Евроиттифоқ санкциялари рўйхатида бўлган.

Уларнинг иккиси ҳам жума куни Туркия соҳиллари яқинида ҳужумга учраган, хабарларга кўра, «Вират»га шанба куни такрорий зарба берилган.

Туркия транспорт ва инфратузилмалар вазирлиги шанба куни тонгида кема «яна бир бор ҳужумга йўлиқиб, ўнг бортида шикастланиш қайд этилгани»ни хабар қилди. «Бортда ёнғин йўқ, экипаж аъзолари ўзини яхши ҳис қилмоқда. Қутқарувчилар кемадан хавфсиз масофада турибди. Кеманинг ҳолати барқарор», – дейилади баёнотда. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.

Туркия ҳукумати кемаларга ёрдам кўрсатилганини маълум қилди ва «Кайрос»даги ёнғинни ўчиришга уринаётган икки катери акс этган видеони эълон қилди.

Украина Хавфсизлик хизматининг исми ошкор этилмаган ходими иккала танкер ҳам бўш бўлганини маълум қилди – улар нефт тўлдириш учун Россиянинг Новороссийскдаги денгиз терминали томон кетаётганди.

«Украина Хавфсизлик хизмати Россиянинг Украинага қарши уруш олиб бориш учун молиявий имкониятларини қисқартиришга қаратилган фаол ҳаракатларини давом эттирмоқда. Sea Baby денгиз дронлари қарийб 70 млн долларлик нефтни таший оладиган ва Кремлга халқаро санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган кемаларни сафдан чиқарди», – дея хабар берган BBC Украина хизматининг махсус хизматлардаги манбаси.

Туркия ҳукумати Украинанинг танкерларга ҳужумларини қоралади. ТИВ матбуот котиби Онку Кечели ҳужумлар Туркия иқтисодий зонаси ҳудудида содир бўлгани ҳамда «минтақадаги кема қатнови, ҳаёт, мулк ва экологик хавфсизликка жиддий таҳдид солгани»ни айтди.

Кечели шанба куни кечқурун ижтимоий тармоқда эълон қилган постида Туркия Украинадаги уруш Қора денгизга тарқалишининг олдини олиш ва Туркиянинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун «тегишли томонлар» билан музокаралар олиб бораётганини қўшимча қилди.

«Кайрос» Қора денгизнинг жануби-ғарбий қисмида, «Вират» эса унинг марказий қисмида ҳужумга учраган.