Жаҳон | 08:11 / 04.12.2025
3345
3 дақиқада ўқилади

Инспектор: Ҳегсет Signal орқали махфий маълумот тарқатиб, АҚШ қўшинларини хавф остига қўйган

Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет журналист иштирок этган Signal чатида бўлишган маълумоти махфий бўлган ҳамда АҚШ армиясини хавф остига қўйиши мумкин эди. Бундай хулосага идора бош инспектори келди.

Фото: Alex Wong / Getty Images

АҚШнинг уруш вазири Пит Ҳегсет 2025 йил март ойида яманлик ҳусийчилар позицияларига ҳаводан бериладиган зарбалар ҳақидаги махфий маълумотни Signal мессенжерида журналист иштирок этган чатга ёзиб, Америка қўшинлари ва амалга оширилаётган миссияни хавф остига қўйган. Бу ҳақда чоршанба куни, 3 декабрда, CNN телеканали ва Associated Press (AP) агентлиги Пентагон бош инспектори ҳисоботи билан таниш манбаларга таяниб хабар берди.

Маълумот сизиб чиқиши бўйича текширув саккиз ой давом этган. Унинг якуний ҳужжатида қайд этилишича, Хегсет маълумотни ўз хоҳишига кўра махфийликдан чиқаришга ҳуқуқи бўлганига қарамай, «Пентагоннинг ички қоидаларини бузган», чунки у шахсий қурилмасидан хизмат мақсадида фойдаланган. Шу боис инспектор бу масала бўйича идора масъул шахсларини янада яхшироқ ўқитишни тавсия этган.

Ҳегсет инспектор билан шахсан суҳбатлашишдан бош тортган, бироқ ёзма баёнотида чатда у, ўз фикрича, миссияни хавф остига қўймайдиган тафсилотларнигина айтганини таъкидлаган. Шу билан бирга, ОАВ маълумотларига кўра, вазир, масалан, АҚШ ҳарбий самолётларининг учиш вақти ва бомбардимонлар бошланиш соатини пилотлар ҳавога кўтарилишидан олдин икки хил чатда ёзган.

Инспектор ҳисоботининг тўлиқ версияси Конгрессга юборилган, 4 декабр куни эса унинг қисқартирилган, махфий бўлмаган варианти эълон қилиниши кутилмоқда. У ерда, бошқа жумлалар қаторида, Ҳегсет Signal’даги бошқа ёзишмаларда ҳам АҚШнинг Ямандаги ҳарбий операциялари ҳақидаги тафсилотлар билан ўртоқлашгани айтилади. CNN маълумотларига кўра, камида иккита чат ҳақида сўз бормоқда, шулардан бирида унинг хотини, акаси ва адвокати ҳам бўлган.

Пентагон Ҳегсетни ҳимоя қилиб чиқди. «Бош инспектор текшируви вазир Ҳегсетни тўла оқлайди ва биз аввалдан билган ҳолатни тасдиқлайди — ҳеч қандай махфий маълумот узатилмаган. Бу масала ҳал этилган ва ёпиқ», — деди ҳарбий идора вакили Шон Парнелл. Оқ уйда эса АҚШ президенти Доналд Трамп «уруш вазирини қўллаб-қувватлашини» қўшимча қилинди.

The Atlantic нашри бош муҳаррири Жеффри Голдберг 24 март куни уни Signal’даги чатга тасодифан қўшиб қўйишганини маълум қилди. Ўша чатда Оқ уй расмийлари Ямандеги ҳусийчилар позицияларига бериладиган зарбаларни муҳокама қилган. Чатда 18 киши бўлган, улар орасида Ҳегсет, Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ва ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Стивен Миллер ҳам бор эди.

Кейинроқ нашр ушбу ёзишманинг тўлиқ стенограммасини эълон қилди. Журналистлар бу қадамни шундай изоҳладики, Signal чати иштирокчилари, жумладан АҚШ Миллий разведка директори Талси Габбард ва Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Рэтклифф, воқеанинг аҳамиятини камайтиришга уринган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид