Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия автоконцернларининг фойдаси 2009 йил даражасигача тушиб кетди
Немис автоконцернларининг операцион фойдаси 2009 йилдаги молиявий инқироз даври даражасига тушиб кетди. 2026 йилда вазият яхшиланиши кутилмаяпти. Германиянинг жаҳон автомобилсозлигидаги ўрни тобора кам аҳамиятли бўлиб бормоқда.
Фото: Ronny Hartmann/AFP
Volkswagen, BMW ва Mercedes-Benz компанияларининг 2025 йил учинчи чорагидаги сотув ҳажми ва тушуми 2024 йилнинг шу даврига нисбатан нисбатан барқарор қолган. Бироқ уларнинг операцион фойдаси қарийб 76 фоизга қулаб, тахминан 1,7 млрд еврони ташкил этган. EY немис аудиторлик ва консалтинг компанияси томонидан тайёрланган таҳлилга кўра, бу 2009 йил учинчи чорагидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Таҳлил 15 декабр, душанба куни эълон қилинган.
Таҳлилчилар баҳосига кўра, ҳозир немис автоконцернларига бўлаётган босим 2008–2009 йиллар инқирози билан қиёсланади. Германия каби кучсиз натижага бошқа ҳеч бир йирик автомобилсоз мамлакат тушмаган. Таққослаш учун: худди шу даврда япон автоконцернларида операцион фойда тахминан 29 фоизга, АҚШ ва Хитой компанияларида эса тахминан 14 фоизга камайган.
EY авто-эксперти Константин Галл рақамларни шундай изоҳлади: “Жаҳон автомобил саноати чуқур инқирозни бошидан кечирмоқда. Аммо айниқса ҳозир немис автоконцернлари энг қаттиқ азият чекяпти”.
Унинг айтишича, сабаблар қуйидагилар: қиммат премиум автомобилларга талабнинг сусайиши, Америка божлари, валюта курсларининг ноқулайлиги, шунингдек ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва электромобилларга сармоя киритиш билан боғлиқ юқори харажатлар.
Немис авто-эксперти Фердинанд Дуденхёффер баҳолашича, Германияда автомобил ишлаб чиқариш келаси йил ҳам қисқаради. Унинг таъкидлашича, Германия автозаводларида ишлайдиганлар сони ҳозирги 720 000 кишидан 2027 йилга бориб 650 000 нафарга тушиб кетиши мумкин.
Халқаро таққослашда Германия ва умуман Европанинг роли тобора камайиб бормоқда. Экспертнинг сўзларига кўра: “Ўсиш Осиёда кечяпти, ва осиёликлар — Япония, Жанубий Корея ва Хитой — автомобил бизнесида тобора кучлироқ ҳукмронлик қилмоқда”.