ИИБ ходимлари тарғиб қилган XCM платформасидан пул ечиш тўхтатилди – молиявий пирамида “ғалвирни сувдан кўтарди”. Оқибатда яна ўн минглаб ўзбекистонлик алданди. Халқнинг чўнтагидан ўмарилган пуллар эса миллионлаб долларни ташкил қилади. Ҳар сафарги каби молиявий пирамидачилар ютди, бунинг олдини олиш керак бўлганлар эса кузатиб турди. Одамларнинг охирги пулигача шилишни мақсад қилган XCM эса яна ёлғон ишлатмоқда.

Kun.uz огоҳлантирган XCM молиявий пирамидаси одамларни чув тушириб кетди: кутилгани каби платформадан пул ечиш блокланди.

XCM қанча ўмарди?

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги Kun.uz манбасига кўра, X Connection Media номи остидаги молиявий пирамиданинг Ўзбекистон бўйлаб 300 га яқин офиси рўйхатга олинган. Ҳар бир офис орқали кунига камида 10 киши ушбу компанияга аъзо бўлган.

XCM фаолияти ҳам бошқа молиявий пирамидалар каби депозит қўйишга асосланган эди. Бунинг учун 7 та даража босқичи ишлаб чиқилган. Масалан, X-C2 даражадан бошлаш учун 460 доллар тўлаш керак бўларди.

Оддий ҳисоб-китоб: 300 га яқин офис орқали ҳар куни 3 минг киши энг паст даража бўйича 460 доллардан депозит қўйиб, XCM’га қўшилган бўлса, бу кунига тахминан 140 минг доллар дегани. XCM Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён фаолият юритган. Декабр ойи бошига келиб эса у ёпилди. Платформа 10 ой фаол ишлагани ва унга 40 минг долларлаб пул тикиб, алданиб қолганлар ҳам борлиги ҳисобга олинса, ушбу молиявий пирамида орқали ўзбекистонликлардан қанча пул ўмарилганини чамалаб кўриш қийин эмас. Ҳа, бу сумма миллионлаб долларни ташкил қилади.

68,8 доллардан тўланг”

Сайти Канада давлатида Сингапур уяли алоқа рақами орқали рўйхатга олинган XCM платформаси навбатдаги ёлғон орқали унга аъзо бўлганларни охирги тийинигача шилиб олмоқда. Гап шундаки, платформада пул ечиш блоклаб қўйилгач, уни очиш учун 68,8 доллардан тўлаш талаб этиляпти. Ушбу маблағни тўлаганларнинг баланс ва қўйган депозити эса нолга тушиб қолмоқда.

ХCМ’га алоқадор барча гуруҳ ва чатлар ёпиб қўйилди. Компания менежерлари пулини сўраганларга фақат бир хил мазмунда хабар ёзмоқда. Яъни платформа яқин кунларда Ўзбекистон банкларига уланиши ва аъзо бўлганларга тўловлар криптовалюта эмас, сўмда тўланишини айтишмоқда. Айрим ҳолларда эса пул ечишни очиш учун 68,8 доллар талаб қилишяпти. Буни тўлаб кўрганлар ҳам бўлди. Аммо шу заҳоти баланс ва депозитлари нол бўлиб қолганини айтишди