Низомда белгиланишича, талабгор ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан тайинланган масъул ходим — мураббийнинг тавсия ва кўрсатмалари асосида танланган майдонда ерни тайёрлайди, дарахт кўчатларини бир мавсум давомида экади ҳамда парваришлайди.

Экилган кўчатлар мураббий ва туман (шаҳар) экология бўлими билан биргаликда жойига чиққан ҳолда далолатнома ва фотоҳисобот асосида қабул қилиб олинади.

Шундан сўнг туман (шаҳар) экология бўлими томонидан “Экофаол фуқаро” платформасида ҳар бир талабгор учун шахсий кабинет очилиб, унга экилган дарахт кўчатлари ҳақидаги маълумотлар киритиб борилади. Киритилган маълумотлар 5 иш куни ичида тасдиқланади ёки тасдиқлаш рад этилади.

Тартибга кўра, туман (шаҳар) экология бўлими экилган кўчатлар сонига мутаносиб равишда субсидиянинг 50 фоизини талабгорга тўлаб бериш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларига талабнома юборади. Экология бошқармалари эса субсидия маблағларини 5 иш куни мобайнида талабгорнинг банк картасига ўтказиб беради.