Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рютте: Путинни тинчликка фақат Трамп мажбурлай олади
НАТО бош котиби Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича Трампнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Марк Рюттенинг фикрича, фавқулодда вазиятда алянс АҚШ қўллаб-қувватловига таяна олади: “АҚШ очиқ айтди — Европада қолади”.
Украинада Россия раҳбари Владимир Путинни тинчлик келишувига мажбурлай оладиган фақат АҚШ президенти Дональд Трамп, деди НАТО бош котиби Марк Рютте. Бу фикр 21 декабр, якшанба куни Bild am Sonntag газетаси эълон қилган интервюда келтирилган.
Рютте қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш бўйича Оқ уй раҳбарининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. “Трамп бу масалага мутлақо содиқ. У бу урушни тугатишга диққатини қаратган”, — деб таъкидлади алянс раҳбари.
Рюттенинг айтишича, Путинни музокара столига ўтиришга мажбурлай олган ягона шахс — Оқ уй раҳбаридир ва охир-оқибат уни тинчлик тузишга мажбурлай оладиган ҳам айнан ўша, деб ҳисоблайди у. “Шунинг учун мен унга (Трампга — таҳр.) катта ҳурмат билан қарайман”, — деди Марк Рютте.
Унинг фикрича, фавқулодда вазиятда НАТО АҚШ қўллаб-қувватловига ишона олади: “АҚШ очиқ айтди — Европада қолади — ҳам ядровий, ҳам анъанавий (қурол-яроғ) режаларда. Қўшинларни Европадан олиб чиқиш муҳокама қилинмаяпти”.
Шу билан бирга, Рютте қўшимча қилишича, Европа ҳамжамияти мудофаа харажатларини сезиларли ошириш бўйича мажбуриятларни бажармоқда, “Кўнгиллилар коалицияси” доирасида Украина учун масъулиятни ўз зиммасига олмоқда ва НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамламоқда.
Рютте АҚШ Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни ҳам рад этди. “Мен бу умуман мумкин, деб ҳисобламайман. Ҳозирги пайтда биз ахборот алмашинуви ва Украинага қурол етказиб бериш давом этаётганини кўряпмиз”, — деди у.
Бундан олдин Марк Рютте АҚШнинг Россиянинг Украинага қарши урушига якун ясаш бўйича музокаралари фаоллашган бир пайтда Берлинга ташриф буюрган. НАТО бош котиби, жумладан, 11 декабр кунги нутқида Киев урушда мағлуб бўлса, оқибатлари қандай бўлишини ўйлаб кўришга чақирган. “Биз — Россиянинг кейинги нишонимиз”, — деб таъкидлаган у.
Унинг айтишича, бундай ҳолатда РФнинг НАТОга ҳужум қилиш хавфи ортади, Россия армияси эса 2030 йилга бориб бундай ҳужумга тайёр бўлади. Шу билан бирга, НАТОга шарқий қанотга ҳозиргидек алоҳида бригадаларни эмас, анча йирик қўшин бирлашмаларини кўчиришга тўғри келади.
Бош котиб эҳтимолий сценарийни ҳатто Иккинчи жаҳон уруши билан қиёслади: “Биз боболаримиз бошидан кечирган ўша турдаги урушга тайёр бўлишимиз керак”.
Мавзуга оид
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
16:47 / 10.06.2026