Стратегия лойиҳасига мувофиқ, 2030 йилга қадар иқтисодиётда юқори қўшилган қиймат яратиш, ишлаб чиқариш занжирларини чуқурлаштириш ва саноатда илғор технологияларни жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу доирада енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион донага етказиш режалаштирилган.
Лойиҳада саноатда технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2023 йилга нисбатан 2,5 баравар ошириш мақсад қилингани қайд этилган. Автосаноатда ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш режаси ҳам айнан шу умумий стратегия — маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва қўшимча қийматни мамлакат ичида шакллантириш мақсадлари билан уйғун тарзда кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, юқори даромадли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур ресурс базасини кенгайтириш бўйича ҳам индикаторлар келтирилган: мис ишлаб чиқаришни 2,5 баравар, олтинни 1,5 баравар, кумуш ва уран ишлаб чиқаришни 3 баравар ошириш (2023 йилга нисбатан) режалаштирилган. Электротехника саноатида мисни қайта ишлаш ҳажмини 300 минг тоннагача ошириш мақсади ҳам белгиланган.
Кўзда тутилган чоралар саноат тармоқларида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини ошириш, кооперация ва технологиялар трансферини тезлаштиришга қаратилган. Шу орқали саноатнинг умумий ўсишига хизмат қиладиган янги қувватлар ва қиймат занжирлари шакллантирилиши режалаштирилган.

















