Жаҳон | 07:42
3996
3 дақиқада ўқилади

Харита: энг иссиқ ва энг совуқ мамлакатлар

Visual Capitalist портали мутахассислари тақдим этган янги инфографика Ер юзидаги мамлакат ва ҳудудлар бўйича ҳавонинг ўртача йиллик ҳароратини кўрсатади.

Фото: Freepik

Визуализация учун маълумотлар Жаҳон банки гуруҳи томонидан тақдим этилган бўлиб, Climatic Research Unit’нинг климатологик маълумотларига асосланади. Ўртача йиллик ҳарорат 1991–2020 йиллар даврида ҳар бир мамлакат бўйича кунлик энг паст ва энг юқори ҳароратлар ўртачаси сифатида ҳисобланган.

Дунё рейтингида Буркина-Фасо биринчи ўринда: ўртача йиллик ҳарорат 30,4°C. Энг иссиқ мамлакатлар қаторида, шунингдек, Мали, Сенегал, Мавритания, Жибути ва Гамбия ҳам бор. Умуман олганда, дунёдаги энг иссиқ 10 мамлакатнинг 6 таси Африкада жойлашган.

Visual Capitalist

Бундай юқори ҳароратлар жамланиши кўп жиҳатдан география билан боғлиқ. Қитъанинг катта қисми экваторга яқин ёки қуруқ ва ярим қуруқ иқлим зоналарида жойлашган. Бу ҳудудларда қуёш нурланиши кучли ва булутлилик паст бўлгани учун ҳарорат йил давомида юқори сақланиб туради.

Африкадан ташқарида ҳам бир қатор тропик орол давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларида барқарор юқори ҳароратлар қайд этилади. Масалан, Аруба, Токелау, Тувалу ва Кюрасаода ўртача йиллик ҳарорат тахминан 28–29°C атрофида, Қатар, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳам шунга яқин кўрсаткичлар кузатилади.

Бу минтақаларда ҳароратнинг мавсумий тебранишлари одатда катта эмас. Илиқ океан сувлари ва чўл иқлими ўртача йиллик ҳароратнинг юқори бўлиб қолишига ёрдам беради.

Ҳарорат шкаласининг иккинчи, энг совуқ қисмида эса юқори кенгликларда жойлашган ёки катта қутбий ҳудудларга эга мамлакатлар туради. Гренландия энг паст ўртача йиллик ҳароратга эга — −18,7°C. Кейинги ўринларда Шпицберген ва Ян-Майен (Норвегиянинг Арктика ҳудудлари), Канада ва Россия келади.

Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган, кескин континентал иқлимга эга мамлакат ҳисобланади. Мамлакат бўйича ҳавонинг ўртача йиллик ҳарорати тахминан 14–15°C атрофида, бироқ ҳудудларга қараб бу кўрсаткич сезиларли фарқ қилади. Масалан, Қизилқум чўлига яқин бўлган Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий каби ҳудудларда йиллик ўртача ҳарорат 16–18°C гача етади, тоғолди ва тоғли минтақаларда эса (Тошкент вилоятининг юқори қисми, Жиззах, Фарғона водийси атрофи) ҳарорат анча паст бўлади.

Ўзбекистон иқлими учун ёзнинг жуда иссиқ, қишнинг эса нисбатан совуқ бўлиши хос. Ёз ойларида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +40°Cдан юқори кўтарилиши мумкин, қишда эса, айниқса, шимолий ва чўл ҳудудларда −15…−20°C гача тушади. Шу сабабли мамлакатда йил давомида ҳарорат амплитудаси катта бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва шаҳар инфратузилмасига бевосита таъсир кўрсатади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид