Иқтисодиёт | 12:34 / 15.01.2026
2111
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Ироққа экспорт қилинади

Пойтахтда ўтказилган Ўзбекистон–Ироқ инвестиция ва бизнес форуми доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ироқ савдо вазири Азир Давуд Салман Ал-Гураири билан учрашди. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Учрашув давомида аграр соҳада қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини Ироқ бозорига экспорт қилиш, шунингдек, икки давлат ўртасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, форум доирасидаги мулоқотда икки мамлакат расмийлари, ишбилармон доира вакиллари ҳамда Ироқнинг 150 га яқин компаниялари вакиллари иштирок этган. Томонлар тупроқ таркибини ўрганиш, дон ва дуккакли экинларни етиштиришда Ўзбекистон тажрибасини Ироқда жорий этиш ҳамда бу мақсадда ўзбекистонлик экспертлар гуруҳининг Ироққа ишчи ташрифини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Қайд этилишича, мазкур инвестиция ва бизнес форуми Ўзбекистон–Ироқ ишбилармонлик ҳамкорлиги тарихида иккинчиси ҳисобланади. Илк шундай тадбир 2025 йил декабр ойида Ироқ пойтахти Боғдод шаҳрида ўтказилган эди. Навбатдаги форум эса икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, дея баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид