Жаҳон | 14:30
1377
7 дақиқада ўқилади

Гренландия борасида Европа билан келишган Трамп ва Ғазода журналистларни ўлдирган Исроил – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Гренландиядан «воз кечдими?»

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни эгаллаб олиш учун босим воситаси сифатида божлар жорий этиш ҳақидаги таҳдидлардан кутилмаганда ортга чекинди. У куч ишлатишни рад этиб, Данияга қарашли ушбу ҳудуд борасидаги можарони якунлаш учун келишув яқин эканини билдирди.

Бу баёнот – 21 январ куни Швейцарияда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувдан сўнг янгради.

Трампнинг сўзларига кўра, бу келишув «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш истаги ва муҳим фойдали қазилмаларга кириш имконини қондиради, шу билан бирга Арктикадаги Россия ва Хитой амбицияларини тўсиб қўяди.

«Бу ҳаммани жуда хурсанд қиладиган, узоқ муддатли келишув. Бу энг охирги, энг узоқ муддатли келишув. У барча томонлар учун фойдали позицияни таъминлайди, айниқса хавфсизлик ва фойдали қазилмалар масаласида. Бу абадий келишув», деди Трамп журналистларга.

Трампнинг ҳудудга тўлиқ «эгалик» қилиш ҳақидаги талабларини қандай келишув қондириши мумкинлиги номаълум. Гренландия аҳолиси ва етакчилари бу ҳудуд сотилмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

НАТО вакилининг айтишича, орол устидаги музокаралар — Россия ва Хитой ҳеч қачон Гренландияда мустаҳкам ўрин эгалламаслигини таъминлашга қаратилган ҳолда давом этади.

Трампнинг Гренландия ҳақидаги баёнотлари Давосда асосий мавзуга айланди. У ўзини Ғарб қадриятларининг ҳимоячиси сифатида кўрсатди. «Бизга жиддий заифлашган эмас, балки кучли иттифоқчилар керак», деди Трамп.

Гренландия бўйича куч ишлатиш таҳдидини четга сурганига қарамай, Трамп «Мадуро операцияси» мисолида АҚШ ҳарбий қудрати билан мақтанди. Данияни «ношукр» деб атади.

У ҳудудий можарони «муз бўлаги» учун билдирилган «кичик талаб» сифатида кўрсатди ва Гренландияни қўшиб олиш НАТОга ҳеч қандай таҳдид солмаслигини айтди.

Унинг Гренландияни — Исландия дея адаштиришлари ва бошқа ажабтовур талабларидан иборат нутқи Давосда ноқулай нигоҳлар ва енгил кулгига сабаб бўлди, бироқ аксарият сиёсатчилар сукут сақлади.

Трамп пайшанба куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашади, бундан ташқари ўзи тузган «Тинчлик кенгаши» ташаббусига қўшилаётган етакчиларни ҳам жамлаши кутилмоқда.

Исроил Ғазода 11 кишини ўлдирди

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 21 январ куни Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 11 нафар фаластинлик, жумладан, икки нафар бола ва уч журналист ҳалок бўлди. Яна олти киши жароҳатланган.

Al-Jazeera'нинг ёзишича, автомобили нишонга олинган пайтда ҳалок бўлган фотомухбирлар Мисрнинг Ғазога ёрдам кўрсатиш бўйича қўмитаси учун ишлаган.

Журналистлар Анас Ғунайм, Абдул Раъуф Шаат ва Муҳаммад Қешта Ғазонинг марказий қисмида Исроил зарбасига учраган. Интернетда тарқалган видеолавҳаларда йўл четида ёниб кетган, бомбаланган автомобил кўринади.

Ғазо расмийларига кўра, зарба Исроил назоратидаги ҳудуддан тахминан 5 километр узоқликда содир бўлган ва Исроил ҳарбийлари машина Миср қўмитасига тегишли эканини билган.

Исроил армияси радиосининг хабар беришича, ҳарбийлар Ғазо марказида нишонга олинган автомобилдаги шахслар армия кучлари ҳақида маълумотни йиғиш учун дрондан фойдаланганини даъво қилмоқда.

Бундан ташқари, Дайр ал-Балаҳ, Хон Юнус ва Бани Суҳайладаги алоҳида ҳужумларда яна 8 киши ҳалок бўлган. Жумладан, Исроил аскарлари Ғазо жанубида ўтин тераётган 13 ёшли болани ўққа тутган.

Фаластин расмийларининг айтишича, Исроил 10 октябр куни кучга кирган сулҳни бир неча бор бузиб, юзлаб одамларни ўлдирди. Бундан ташқари, совуқ об-ҳаво шароитида оғир ҳуманитар шароитларда қолган Ғазога озиқ-овқат, тиббий ёрдам ва бошпана материалларининг кириб келишини чеклаб келмоқда.

Янги Зеландияда кўчки

21 январ куни эрталаб Янги Зеландиянинг шимолий соҳилидаги машҳур сайёҳлик маскани — Маунгануи тоғидаги лагерда кўчки содир бўлди.

Гувоҳлардан бири тоғга чиқмоқчи бўлиб турган пайтда ниҳоятда баланд шовқинни эшитган. Ер бўлаклари лагердаги бинолар устига ёпирилиб тушган.

Қутқарувчилар пайшанба куни ҳам кўчки оқибатида бедарак йўқолганларни қидиришда давом этмоқда. Кучли ёмғирлар кенг кўламли талафот етказиб, минглаб одамларни электр таъминотисиз қолдирган.

Янги Зеландиянинг бутун шарқий соҳилбўйи ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши оқибатида уйлар эвакуация қилинди, йўллар ёпилди.

Полиция округи қўмондони Тим Андерсоннинг айтишича, бедарак йўқолганлар сони ўнга яқин бўлиши мумкин.

Биринчи бўлиб етиб келган қутқарувчилар вайроналар остида ҳаёт аломатларини аниқлаган, бироқ ер яна силжиши мумкинлиги хавфи сабаб ҳудуддан чекинишга мажбур бўлган.

Маҳаллий ОАВларнинг Фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб хабар беришича, бедарак йўқолганлар орасида болалар ҳам бор ва қидирув-қутқарув ишларига ёрдам бериш учун вертолётлар жалб этилган.

Мамлакат бўйлаб бошқа ҳудудларда ҳам кичик кўчкилар ва сув тошқинлари кузатилмоқда.

SDF кучлари Сурияда сулҳни бузмоқда

Сурия армияси чоршанба куни эълон қилинган келишувнинг биринчи кунидаёқ курдлар бошчилигидаги SDF кучлари томонидан сулҳ бузилди. Оқибатида Суриянинг 11 нафар аскари ҳалок бўлган, 25 нафардан ортиғи жароҳатланган.

Хусусан, Суриянинг шимоли-шарқидаги Ҳасака вилоятида жойлашган ал-Ярубия ҳудудида етти нафар аскар, жанубдаги тоғ яқинида икки нафар аскар, Ҳалабнинг шарқидаги ҳудудда эса яна икки нафар аскар ҳалок бўлган.

Сурия армияси бўлинмалари ал-Ярубия чегара пункти яқинида қўлбола портловчи мосламалар ва дронлар учун ўқ-дорилар тайёрланадиган устахонани аниқлаган. Вазирлик маълумотига кўра, мазкур объект ичида SDF қуроллантиришга ҳозирлик кўраётган Эронда ишлаб чиқарилган бир нечта дронлар бўлган.

Ҳудудни хавфсизлантириш ва тозалаш ишлари бошланганидан сўнг, SDF мазкур жойни камикадзе-дрон ёрдамида нишонга олган, натижада етти нафар аскар ҳалок бўлган, 20 нафари жароҳатланган.

Сурия томони баёнотига кўра, курдлар бошқа ҳужумларида артиллерия ўқлари, зирҳли техника ва дронлардан фойдаланган.

Ушбу ҳужумлар сешанба куни Сурия президент маъмурияти Ҳасака вилоятининг келажаги бўйича SDF билан «ўзаро англашув»га эришганидан кейин содир бўлмоқда. Сурия мудофаа вазирлиги уларга 4 кунлик муҳлат берган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид