Жаҳон | 16:47
1136
3 дақиқада ўқилади

Кая Каллас: “Жазосизлик бўлмаслиги керак” — ЕИ трибуналга 10 млн ўтказди

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши агрессия жиноятида Россиянинг етакчи сиёсий арбоблари роли бўйича тергов олиб борадиган махсус трибунал ишини молиялаштириш учун дастлабки 10 млн еврони ўтказди. Бу ҳақда пайшанба куни, 22 январда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас X ижтимоий тармоғида хабар қилди.

Фото: REUTERS

“Россия раҳбарлари бу уруш учун жавобгар ва улар жавобгарликка тортилиши шарт. Жазосизлик бўлмаслиги керак”, — дея таъкидлади Каллас ва тегишли келишув Европа Кенгаши билан имзоланганини билдирди.

Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси 2025 йил май ойида Россиянинг Украинага қарши агрессия жинояти бўйича махсус трибунални тузиш жараёнини расман бошлаган. Бунга Украина президенти Володимир Зеленскийнинг тегишли мурожаати сабаб бўлган.

БМТ “агрессия жинояти” деганда давлат томонидан бошқа бир мамлакатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши қуролли куч ишлатилишини тушунади.

2025 йил июн ойида Европа Кенгаши Украина билан Россиянинг Украинага қарши агрессия жинояти бўйича Махсус трибунал ташкил этиш тўғрисида келишув тузган. Ҳужжат Страсбургда Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсе ва Украина раҳбари Володимир Зеленский томонидан имзоланган. Ушбу тергов доирасида воқеалар 2022 йилдан эмас, балки 2014 йил феврал ойидан бошлаб ўрганилади — яъни кенг кўламли уруш бошланган даврдан олдинги вақт ҳам қамраб олинади.

ЕИнинг мазкур махсус трибунални молиялаштириш учун дастлабки 10 млн евро ажратиш ҳақидаги қарори 2025 йил октябр ойида қабул қилинган.

Суриштирув президент, ташқи ишлар вазири ва бош вазирга нисбатан олиб борилади. Европа Кенгаши БМТ Хавфсизлик кенгашидек ваколатларга эга эмас (БМТ Хавфсизлик кенгаши президент, бош вазир ва ташқи ишлар вазири каби уч олий мансабдор шахснинг шахсий иммунитетини бекор қилиши мумкин). Шу сабабли уларнинг учаласи ҳам фақат ўз лавозимларини тарк этганидан кейин суд олдида жавоб бериши мумкин.

Трибунал лойиҳасига кўра, натижада айблов хулосаси тайёрланиши мумкин, бироқ суд иммунитет бекор қилинмагунча расман айблов қўя олмайди ва ҳибсга олиш ордери чиқара олмайди, деб DW’га трибунал тузиш жараёнига яқин манба 2025 йил апрел ойида тушунтирган. Унинг айтишича, ишда Киев тузган рўйхат асосида жами тахминан йигирмага яқин россиялик амалдорлар номи тилга олиниши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид