Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия “соя флот” танкерларини кузатиш ва қўлга олиш режасини тайёрламоқда
The Sunday Times ёзишича, Буюк Британия ҳарбий-денгиз флоти янги база ташкил этмоқчи: у ердан пилотсиз катерлар ёрдамида Россия нефтини ташийдиган танкерлар ҳаракати кузатиб борилади ва зарурат туғилса, уларни қўлга олиш бўйича мувофиқлаштириш ишлари олиб борилади.
Фото: AP
Буюк Британия Қироллик ҳарбий-денгиз флоти Россиянинг “соя флоти”га алоқадор кемаларни аниқлаш ва эҳтимол қўлга олиш учун пилотсиз катерларни ишга солишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Sunday Times онлайн нашри суриштирувдаги маълумотларга таяниб, якшанба, 8 феврал куни хабар берилган.
Журналистлар маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда Британия флоти мамлакатнинг шарқий соҳилида РФ “соя флоти” масалалари бўйича қўмондонлик маркази ташкил этиш таклифини тайёрлаган. Режага кўра, Гейтсхедда жойлашган ва ҳарбий-денгиз резерви фойдаланадиган HMS Calliope ўқув маркази шундай базага айлантирилади. У ердан масофадан туриб бошқариладиган катерлар флотилияси Шимолий денгизга, ҳатто Ла-Маншга ҳам йўл олиши мумкин. Нашр ёзишича, айни пайтда бундай катерлар харид қилинмоқда. “Тузилиши жиҳатидан улар Шотландия соҳиллари яқинида синовдан ўтказилган етти метрлик Rattler катерларига ўхшаш бўлади”, — деб ёзади The Sunday Times.
Мақолага кўра, 2022 йил бошидан буён Россия Ла-Манш орқали 550 млн тонна (тахминан 4 млрд баррел) нефт ташишга улгурган, унинг қиймати 239 млрд фунт стерлинг (275 млрд евро)га тенг. Бу маълумотлар Ҳелсинкида жойлашган, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми даврида нефт етказиб беришларнинг ҳар бирини қайд қилиб борган CREA (Энергия ва тоза ҳавони тадқиқ қилиш маркази) таҳлилига асосланган.
Ушбу таҳлилга кўра, сўнгги тўрт йилда Россия нефтини ташиган кемалар Дувр бўғози орқали 9584 та рейс амалга оширган. Шу билан бирга, “соя” танкерлар сони йилдан йилга ортиб борган: 2022 йилда 958 та кема, 2023 йилда 2919, 2024 йилда 2987 та қайд этилган. Бироқ 2025 йилда улар сони бироз камроқ бўлиб, 2720 тани ташкил этган.
The Sunday Times ёзишича, Россия Украинадаги уруш сабаб жорий этилган ғарб санкцияларини айланиб ўтиш учун ўзининг “соя флоти”дан фойдаланади. Кўпинча гап мулкдорлик тузилмаси шаффоф бўлмаган, экипажлари етарлича тайёрланмаган ва суғуртаси минимал бўлган кемалар ҳақида кетади. Бундай танкерлар кўп ҳолларда транспондерни ўчириб юради, бу эса уларнинг жойлашувини сунъий йўлдош орқали кузатишни қийинлаштиради; шу сабаб улар денгиз қонунчилигини тез-тез бузади.
Муаллифлар таъкидлашича, Британия ва ЕИдаги иттифоқчилар Россия “соя флоти”га қарши чора кўришга қарор қилган — санкциялар самарадорлиги паст бўлаётгани фонида. Хусусан, Лондон бу масалада янада “агрессив” қадамларга 7 январ куни АҚШ кучлари билан бирга Marinera танкерини қўлга олгандан кейин қарор қилгани айтилган. 22 январ куни эса Британия Франция билан ҳамкорликда Ўрта Ер денгизида РФнинг “соя флоти”га тегишли бўлиши мумкин бўлган иккинчи танкер — Grinch'ни ҳам қўлга олган.
Шундан кейин Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили Лондон иттифоқчилар билан ҳамкорликда яна бошқа “соя” танкерларни ҳам қўлга олишга қаратилган ишларни олиб бораётганини маълум қилган.
Мавзуга оид
12:06
Британия билан “ақлли шифохона” лойиҳаси муҳокама қилинди
09:41 / 07.02.2026
Ядро қуроли: Россия Лондон ва Парижни келишувга қўшмоқчи
08:50 / 02.02.2026
Собиқ еврокомиссар Эпштейн билан алоқалар ҳақидаги маълумот сабаб партиядан чиқди
20:07 / 30.01.2026