«Тоттенҳэм» – «Арсенал» 1:4
Голлар: Эзе, 32 (0:1). Коло Муани, 34 (1:1). Йокереш, 47 (1:2). Эзе, 61 (1:3). Йокереш, 90+4 (1:4)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дрэгушин, ван де Вен, Палиня (Тел, 82), Биссума, Галлаҳер (Соланке, 62), Сарр, Спенс, Грэй, Симонс, Коло Муани (Ришарлисон, 68)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Тимбер (Москера, 57), Субименди, Райс, Эзе (Эдегор, 77), Троссар (Мартинелли, 77), Сака (Мадуэке, 90+1), Йокереш
Огоҳлантиришлар: Грэй, 35 – Тимбер, 28

«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ўртасидаги дерби – АПЛнинг бу туридаги марказий ўйин эди. Жамоалардан бири титул учун курашмоқда, иккинчиси эса – лигада қолиш учун. Лекин икки жамоа ҳам сўнгги ҳафталарни ёмон ўтказганди: «канонирлар» кетма-кет икки ўйинда дуранг ўйнаб, асосий таъқибчиси «Сити»ни яқинлаштириб олган, «шпорлар» эса саккиз учрашувдан иборат ғалабасиз сериядан кейин бош мураббийни алмаштирган ва Томас Франк ўрнини Игор Тюдор эгаллаганди.

Барча Артета сўнгги муваффақиятсизликларга қандай реакция кўрсатиши ва «Тоттенҳэм» янги бош мураббий бошчилигида қандай кўринишда бўлишини қизиқиш билан кутаётганди. Мезбонлар ўйинни беш ҳимоячидан иборат схема билан бошлашди, лекин жамоанинг асосий ҳимоячиси Ромеро дисквалификацияга учрагани туфайли марказий ҳимояда ван де Венга тажрибасиз Дрэгушин ва асл позицияси таянч яримҳимоячиси бўлган Палиня шерик бўлди.

Натижада илк дақиқалардан мезбонлар жарима майдонида таҳликали вазият юзага келди. Аввалига Викарио ўринсиз ҳолатда дарвозасини ташлаб, жарима майдони ташқарисига чиқиб келди. Кейин Йокерешда қулай вазият бўлди, аммо унинг бошда йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди. «Арсенал»нинг кучли босими техник хатолик туфайли тўхтаб қолди – ён қанот ҳакамининг алоқа воситаси бузилиб қолганди.

Лекин бу меҳмонларнинг шиддатини сўндира олмади ва Викарио дарвозаси атрофида хавфли вазиялар юзага келиши давом этди. Бурчак зарбасидан кейин Салибанинг зарбаси бироз хато кетди, кейин эса Симонс жарима майдони яқинида қўпол хатога йўл қўйиб, тўп йўқотди, аммо Троссар бу совғадан фойдалана олмади.

Умуман олганда, «Арсенал»нинг устунлиги яққол кўриниб турарди ва бу статистикада ҳам акс этди: биринчи бўлимда меҳмонлар ўйиннинг 73 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди, зарбалар сони бўйича 12:2. Эзенинг 32-дақиқада ҳисобни очиши ўйин мантиғига тўла мос эди. Ушбу яримҳимоячи жарима майдони марказида тўпни қабул қилиб, иккинчи тегинишда зарба бериш учун етарлича вақтга эга бўлди.