4 март куни Оқ уй маъмуриятининг юқори мартабали мулозимлари урушнинг биринчи кунида Эрондаги қизлар бошланғич мактабига берилган ҳаво зарбаси ортида АҚШ турган-турмаганини ҳали ҳам ўрганаётганини маълум қилди.
Эрон давлат ОАВлари ва соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, ушбу зарба Америка-Исроил ҳарбий кампаниясининг ҳозиргача бўлган энг ҳалокатли ҳужумларидан бири бўлди. Ҳужум оқибатида камида 175 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти болалар.
Мактаб нега нишонга олингани ёки қайси давлат қуролли кучлари унга қарата ўт очгани ҳозирча номаълум.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт чоршанба куни тушдан кейин ўтказилган брифингда Америка Қўшма Штатлари мактабга ҳаво зарбаси берганми ёки йўқми деган саволга: «Биз билганимизча йўқ. Уруш вазирлиги бу масалани ўрганмоқда», деб жавоб берди.

New York Times'нинг ёзишича, бир неча дақиқа ўтгач, бу АҚШ зарбаси эмаслигига бирор далил борми ёки Исроилнинг ушбу ҳужумда иштироки бор-йўқлиги юзасидан бирон-бир баҳолаш ўтказилдими, деб қайта сўралган. «Яна қайтараман, Уруш вазирлиги айни дамда ушбу масалани суриштирмоқда», дея жавоб берди Оқ уй сўзчиси.
Нашрнинг ёзишича, чоршанба куни Пентагондаги брифингда Мудофаа вазири Пит Ҳегсетдан ҳам ушбу зарба ҳақида сўралди.
«Айтишим мумкин бўлган ягона нарса — биз буни ўрганяпмиз. Биз, албатта, ҳеч қачон фуқаролик объектларини нишонга олмаймиз, лекин биз вазиятни кўриб чиқяпмиз ва суриштирув олиб боряпмиз», деди Ҳегсет.
Зарба 28 февраль – урушнинг биринчи кунида содир бўлганди. Орадан 4 кун ўтганини ҳисобга олсак, айбдор кимлиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бўлиши керак эмасми, деган саволга Ҳегсет: «Биз буни ўрганяпмиз», деган жавобини такрорлади.
















