Жаҳон | 08:41
2887
3 дақиқада ўқилади

Қатар нефт бозори учун жиддий хатар ҳақида огоҳлантирди

Қатар энергетика вазири минтақадаги барча мамлакатлар бир неча ҳафта ичида нефт қазиб олишни тўхтатиши мумкинлигини истисно этмади. Эронга қарши уруш фонида Brent русумидаги нефт нархи 2024 йил июлидан бери энг юқори даражага етди.

Фото: REUTERS

Қатар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши минтақа энергетика ресурслари таъминоти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Агар вазият ўзгармаса, Форс кўрфазида нефт қазиб олувчи барча мамлакатлар бир неча ҳафта ичида қазиб олишни тўхтатиши мумкин, деди Қатар энергетика вазири Саад ал-Кааби 6 март, жума куни эълон қилинган The Financial Times газетасига берган интервюсида. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда нефт нархи бир баррел учун 150 долларгача кўтарилиши мумкин.

“Ҳали форс-мажор ҳақида эълон қилмаган барча томонлар, агар вазият ўзгармаса, яқин бир неча кун ичида шундай қилишини кутяпмиз. Форс кўрфази минтақасидаги барча экспорт қилувчилар форс-мажор эълон қилишга мажбур бўлади. Агар бу уруш яна бир неча ҳафта давом этса, бу бутун дунё бўйлаб ЯИМ ўсишига таъсир қилади. Ҳамма учун энергия ташувчилар нархи ошади. Айрим товарлар тақчиллиги юзага келади ва бу занжирли реакцияни келтириб чиқаради: кўплаб заводлар етказиб беришни таъминлай олмайди”, — деди ал-Кааби.

Эрон билан уруш ва Ҳўрмуз бўғозининг узоқ вақтга ёпилиб қолиши ҳақидаги хавотирлар нефт нархларини аллақачон кескин юқорига сурди. 6 март куни Brent русумидаги нефт нархи бир баррел учун 87,66 долларга кўтарилди — бу 2024 йил июлидан бери энг юқори кўрсаткич бўлди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари бошланганидан бери Brent нархи 20 фоиздан ортиққа қимматлашди.

Қатар вазирининг айтишича, ҳозирда танкерларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиши жуда хатарли. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси бошланганидан бери ушбу сув йўлида кема қатнови деярли тўхтаб қолган. Бир нечта кема аллақачон шикастланган. Суғурта бадаллари сўнгги вақтларда кескин ошиб кетган, кемачилик компаниялари эса ўз кемалари ва экипажларини хатар остига қўйишга тайёр эмас.

АҚШ ва Исроил Эронга зарбаларни 28 феврал куни бошлаган. Теҳрон бунга жавобан Исроил ва Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчи давлатларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда, шунингдек Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ ёпиб қўйиш билан таҳдид қилди. 2 март куни Эрон зарбалари туфайли Қатар суюлтирилган табиий газ (СТГ) ишлаб чиқаришни тўхтатганини эълон қилди. Бу мамлакат ҳиссасига жаҳон СТГ экспортининг тахминан 20 фоизи тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид