Украина бўлинмалари Брянск шаҳрида жумладан ҳарбий маҳсулот ҳам ишлаб чиқарувчи корхонага зарба берди.

“Завод Россия Федерациясининг барча турдаги ракеталари учун бошқарув тизимларини ишлаб чиқарар эди”, — деди 10 март, сешанба куни кечқурун журналистларга Украина президенти Володимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра, муваффақиятли операция ҳақида унга Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ахборот берган.

Шу орада Украина қуролли кучлари Бош штаби зарба Брянскдаги “Кремний Эл” микроэлектроника заводига берилганини маълум қилди, бунда Британиянинг ҳаводан учириладиган Storm Shadow ракеталаридан фойдаланилган.

“Кремний Эл” Россиянинг “аниқ зарба берувчи” қуроллари ишлаб чиқариш занжирида жуда муҳим бўғин ҳисобланади. Завод дискрет яримўтказгич техникаси ва интеграл микросхемалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, улар замонавий қуролларнинг, хусусан, “Искандер” ракеталарининг “мияси” ва “асаб тизими” ҳисобланади”, — деб билдирди Украина Бош штаби. Унинг маълумотига кўра, ишлаб чиқариш қувватларига жиддий зарар етган.

Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз вилоят марказига берилган ракета зарбаси оқибатида олти киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна 37 киши яраланган, уларнинг барчаси Брянск вилоят шифохонасига етказилган, деб ёзди у Telegram’да.

Унинг айтишича, ҳодиса жойида “оқибатларни чеклаш ва фуқароларни эвакуация қилиш бўйича чора-тадбирлар” амалга оширилмоқда. Бу ҳақда у Россия ФВВнинг Брянск вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Дмитрий Енинга таяниб маълум қилди. Бундан олдин Богомаз “Брянскнинг Совет туманида ёнғин маҳсулотлари туфайли тутунланиш” ҳақида ёзиб, аҳолини кўчада камроқ бўлишга ва биноларда деразаларни ёпиб қўйишга чақирган эди. Қайси корхона ҳужумдан зарар кўрганига у аниқлик киритмади.

Бундан олдин “Кремний Эл” заводига зарба берилгани ҳақида Россия ва Украина ОАВ ҳамда Telegram-каналлар хабар қилган эди. Корхона Россияда ракета қурилмалари ва дронлар учун микроэлектроника ишлаб чиқарувчи асосий корхоналардан бири ҳисобланади. Astra ва Exilenova+ Telegram-каналлари завод турли қурол тизимлари ва ҳарбий техникада қўлланадиган электрон компонентлар ишлаб чиқаришини, хусусан, “Панцирь” зенит-ракета мажмуаси, “Искандер”, “Тополь-М”, “Булава”, С-300 ва С-400 зенит-ракета мажмуаларида ишлатиладиган қисмлар шу ерда тайёрланишини билдирмоқда.

Пабликлар шунингдек, Брянскда ракета хавфи эълон қилинганидан кейин тахминан 10 та портлаш содир бўлганини, завод ҳудуди узра улкан тутун булути кўтарилганини ёзмоқда.