
Давом этаётган ҳарбий тергов Эрондаги бошланғич мактабга берилган «Tomahawk» ракета зарбаси учун АҚШ жавобгар эканини аниқлади. Бу ҳақда АҚШ расмийлари ва дастлабки хулосалар билан таниш бўлган New York Times манбалари хабар бермоқда.
Дастлабки тергов натижаларига кўра, «Шажарайи Тоййиба» бошланғич мактаби биносига берилган зарба – АҚШ ҳарбийларининг нишонни белгилашдаги хатоси оқибатида юз берган. 28 февраль куни ҳарбийлар мактабга туташ бўлган ва илгари мактаб биноси ҳам унинг таркибига кирган Эрон ҳарбий базасига зарбалар бераётганди. Тергов бўйича маълумотга эга шахсларнинг айтишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги офицерлари зарба координаталарини Мудофаа разведка бошқармаси томонидан тақдим этилган эскирган маълумотлар асосида тузган.

Терговдан хабардор бўлган шахсларнинг айтишича, нима учун эскирган маълумотлардан фойдаланилгани ва маълумотларни текширишда ким хатога йўл қўйганига доир кўплаб саволлар ҳали ҳам жавобсиз қолмоқда.
Болалар билан тўла мактабга зарба берилиши сўнгги ўн йилликлардаги энг даҳшатли ҳарбий хатолардан бири сифатида тарихда қолади. Эрон расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар сони камида 175 кишини ташкил этади, уларнинг аксарияти болалардир.
Нотўғри нишон: мактаб қандай қилиб нишонга айланди?
Миноб шаҳридаги мактаб АҚШ ҳарбий зарбаларининг асосий нишонларидан бири бўлган Эрон Ислом Инқилоби муҳофизлари корпуси (IRGC) ҳарбий-денгиз флоти фойдаланадиган бинолар билан бир блокда жойлашган. Мактаб ҳудуди дастлаб ҳарбий базанинг бир қисми бўлган. Тергов хулосаларига кўра, бино ҳар доим ҳам мактаб бўлмаган, бироқ унинг айнан қачон очилгани ҳали аниқ эмас.




















