Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дума: россияликлар ҳибсга олинганда, қуролли кучларни хорижга юбориш ҳақидаги лойиҳа киритилди
Россия ҳокимияти хорижда ҳибсга олинган ёки ушлаб турилган фуқароларни ҳимоя қилиш учун ҳарбийларни юбориш имкониятига эга бўлиши керак. Тегишли қонун лойиҳасини ҳукумат Давлат думасига киритди.
Фото: Reuters
Россия ҳукумати Давлат думасига шундай қонун лойиҳасини киритдики, у бошқа давлатларга қўшин киритишга — у ерда суд қарорлари асосида ҳибсга олинган ёки таъқиб қилинаётган Россия фуқароларини ҳимоя қилиш учун рухсат беради. Ҳужжат 19 март, пайшанба куни парламент қуйи палатасининг электрон базасида эълон қилинди.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида айтилишича, ўзгартишлар “Россия Федерациясининг фуқаролиги тўғрисида”ги федерал қонуннинг 6-моддасига ва “Мудофаа тўғрисида”ги федерал қонуннинг 10-моддасига киритилиши режалаштирилмоқда. Муаллифларнинг сўзларига кўра, у “Россия Федерацияси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, агар улар Россия иштирокисиз ваколат берилган хорижий ёки халқаро судлар қарорлари асосида, ёхуд Россия билан халқаро шартнома ёки БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюциясига асосланмаган ваколатга эга тузилмалар томонидан ҳибсга олинса (ушлаб турилса), жиноий ёки бошқа турдаги таъқибга учраса”, зарур ҳисобланади.
Ҳужжатда назарда тутилишича, Россия фуқароларини хорижда ҳимоя қилиш учун мамлакат президенти қарорига биноан қуролли кучлардан экстерриториал тарзда фойдаланиш мумкин бўлади. РБК агентлиги манбаларига кўра, Россия ҳукуматининг қонун лойиҳалари фаолияти бўйича комиссияси ушбу лойиҳани маъқуллаган.
2025 йил 29 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Россия ҳудудида хорижий судлар қарорларини, жумладан Халқаро жиноий суд (ХЖС) ва махсус трибуналлар қарорларини бажармасликка рухсат берувчи қонунни имзолаган эди.
2023 йил март ойида Халқаро жиноий суд Владимир Путин ва Россия президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш ордерини чиқарган. Суд прокурорлари уларни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилишда гумон қилмоқда. Россия ХЖС фаолиятига асос бўлган Рим статутини 2000 йилда имзолаган, аммо уни ратификация қилмаган. 2016 йилда эса Москва ўз имзосини қайтариб олган.