Жаҳон | 18:36 / 13.04.2026
4414
3 дақиқада ўқилади

Кремль Орбаннинг мағлубияти ортидан Венгрияни «дўстона бўлмаган мамлакат» деб атади

Кремль Москванинг Европа Иттифоқидаги сўнгги иттифоқчиси, Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг «Фидес» партиясини ҳокимиятдан маҳрум қилган мухолифатдаги «Тиса» раҳбари Петер Можарни парламент сайловларидаги ғалабаси билан табрикламаслигини маълум қилди.

Петер Можар / Фото: Anadolu Agency

Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

«Дўстона бўлмаган давлатларга табрик йўлламаймиз. Венгрия эса дўстона бўлмаган мамлакат, у бизга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлайди», деди у.

Венгрияда овоз бериш натижалари эълон қилингач, Можар мамлакатни НАТО ва Европа Иттифоқининг кучли иттифоқчисига айлантиришга ваъда берди.

Москва «яхши ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишга очиқ», аммо Венгриянинг янги раҳбарияти асосий йўналиши қандай бўлишини кузатади - прагматик ёки сиёсийлашган, деди Песков. Унинг таъкидлашича, Россия бундан олдин Венгрияни 16 йил давомида бошқарган ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкция пакетларини мунтазам равишда блоклаб келган Орбан билан мулоқот олиб борган. Можарнинг ўзи сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин Будапешт янги ҳукумат даврида президент Владимир Путин билан музокараларни давом эттиришини айтган, бироқ унинг сўзларига кўра, алоқалар фақат ишбилармонлик асосида бўлиб, нефть ва газ етказиб бериш билан боғлиқ бўлади.

«Россия президенти билан музокаралар столига ўтиришимизга тўғри келади. Россиянинг ҳам, Венгриянинг ҳам географик ўрни ўзгармайди. Ва бизнинг энергия қарамлигимиз ҳам маълум вақтгача сақланиб қолади», деган эди Можар сайловлар арафасида. Унинг таъкидлашича, Венгрия таъминот диверсификациясини кучайтириши керак ва бу вақт талаб қилишини тушунтирди. Шу билан бирга, «Тиса» етакчиси Путинни ёқтирмаслигини айтди: «Биз дўст бўлмаймиз».

12 апрель куни бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, «Тиса» сайловчиларнинг 53 фоиздан ортиғи овозини олди, бу унга 199 ўриндан 138 тасини ва парламентда конституциявий кўпчиликни таъминлайди. 38,4 фоиз овоз олган Орбан мағлубиятни тан олди, бироқ «таслим бўлмасликка» ваъда берди.

Шундан сўнг Кремль Венгриянинг янги раҳбарияти билан мулоқотга тайёрлигини маълум қилди.

«Можарлар ўз танловини қилди. Биз бу танловни ҳурмат қиламиз. Биз янги раҳбарият билан жуда прагматик алоқаларимизни давом эттирамиз, деб умид қиламиз», деган эди Песков аввалроқ.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид