Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқондан Марғилонга янги поезд ва Ангренда юк машинаси иштирокидаги фожиа — маҳаллий дайжест
Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Тошкент вилоятида «Бухарский» лақабли шахс етакчилик қилган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Ангренда юк машинаси иштирокидаги мудҳиш «авария»да 2 киши ҳалок бўлди. Андижонда аттракцион қулади, камида 7 киши жароҳатланди. Humo карталари бўйича SMS-хабарнома нархи оширилмаслиги айтилди.
Президент поездда Қўқондан Марғилонга борди
Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу йўналишдаги поездда Қўқондан Марғилонга борди.
324 километрлик ушбу темирйўл ҳалқаси водий вилоятларини ўзаро янада яқинлаштириб, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун янги имкониятлар очиши таъкидланмоқда. Янги поезд 6 вагондан иборат, 586 ўринли бўлиб, соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.
Чипта нархи 15 минг сўм этиб белгиланган. Кунига 1,5 минг, йилига қарийб 600 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти ҳудудда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Чирчиқда «Бухарский»лар жиноий гуруҳи ушланди
Тошкент вилоятида «Бухарский» лақабли шахс етакчилик қилган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, бир гуруҳ шахслар Чирчиқ шаҳрида кўча усуллари орқали турли масалаларга ноқонуний аралашиб келган. Гуруҳга лақаби «Икром Бухарский» бўлган 38 ёшли Икром Саидов етакчилик қилган. Шунингдек, унинг 36 ёшли укаси Ислом Саидов ҳам гуруҳ аъзоси бўлган.
Таъкидланишича, ака-укалар ва Чирчиқ шаҳридаги кафелардан бирининг эгаси Мирзоҳид Фармонов ўртасида доимий келишмовчиликлар бўлган. Вазирлик хабарида ака-укалар ва кафе эгаси гуруҳ-гуруҳ бўлиб, атрофига спорт билан шуғулланиб юрган безориларни тўплаб, уйда, кўчада, ишхонасида бир-бирини уриб, тан жароҳати етказиб, жиноий ҳаракатларни содир этиб келгани қайд этилган. Ушбу шахслар ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ангренда юк машинаси иштирокидаги мудҳиш «авария»да 2 киши ҳалок бўлди
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобил йўлининг 93-километрида Howo русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиб, олдиндаги 4 та автомобил билан тўқнашди. Оқибатда енгил машиналардан бирининг ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлди, яна тўрт киши шифохонага ётқизилган. Ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган.
Бу биринчиси эмас. 2025 йил 7 сентябр куни худди шу жойда 8 та автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, оқибатда 11 киши ҳаётдан кўз юмиб, 5 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, 2021 йил май ойида MAN юк автомобили бошқарувини йўқотиб, еттита машинани уриб кетган, оқибатда 7 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна 14 киши турли даражада тан жароҳати олганди.
Андижонда аттракцион қулади, камида 7 киши жароҳатланди
Андижон вилоятида жойлашган Бобур номидаги истироҳат боғида («Боғишамол») занжир узилиб кетиши оқибатида ичида одамлар бўлган аттракцион қулаб тушди. Гувоҳларга кўра, камида 7 киши жароҳатланди.
Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълумот беришича, аттракционнинг темир конструкцияси синган, ҳодиса оқибатида 2 фуқаро енгил тан жароҳати олган. Уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилгани таъкидланмоқда.
Humo карталари бўйича SMS-хабарнома нархи оширилмаслиги айтилди
Humo карталари бўйича 13131 рақамидан кирувчи SMS-хабар нархи 84,2 сўм миқдорида сақланиб қолади.
Аввалроқ, 1 майдан бошлаб нархлар 168,4 сўмга оширилиши ҳақида хабар берилганди. Бу истеъмолчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Шундан сўнг Humo тўлов тизими оператори бўлган Миллий банклараро процессинг маркази нарх аввалги даражада сақланиб қолишини эълон қилди.
Мавзуга оид
19:08 / 24.04.2026
Credit House иши бўйича қамалганлар ва Сурхон дарёси ўзанига оққан нефт – маҳаллий дайжест
19:02 / 23.04.2026
Банк картасидаги кафолатли қолдиқ ва маст ҳолдаги ЙПХ ходими – маҳаллий дайжест
18:38 / 22.04.2026
Санъаткорларга танбеҳ берган вазир ва ўқитувчилардан узр сўраган ҳоким – маҳаллий дайжест
21:00 / 21.04.2026