Йиғилишда қайд қилинишича, бугунги кунда юртимизда 572,6 минг гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, улар йилига 1 миллиард долларлик экспортни таъминламоқда, 882 минг нафар аҳолининг даромад манбаига айланган.
Шу билан бирга, ер ва сув ресурслари чекланган ҳозирги шароитда соҳадаги ўсишни фақат майдонларни кенгайтириш ҳисобидан эмас, балки ҳар бир гектардан олинадиган ҳосилдорлик ва даромадни ошириш орқали таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бунда интенсив, саноатлашган боғдорчиликни кенгайтириш муҳим омил бўлади.
Йиғилишда мавжуд боғ ва токзорлар ҳолати таҳлил қилинди. Ҳозирда 61 минг гектар эскирган ва 18 минг гектар яроқсиз боғларни янгилаш зарур. Айрим ҳудудларда бундай майдонлардан гектарига бор-йўғи 5 тонна ҳосил олинмоқда, йиллик даромад эса 10 миллион сўмга ҳам етмаяпти.
Мисол учун, Поп туманида 1 минг 200 гектар эски ва яроқсиз боғлар мавжуд. Агар улар ўрнида экспортбоп навлар экилиб, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш бўйича агрологистика марказлари ташкил этилса, ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар ошириш мумкин. Мазкур туманда 84 гектарда барпо этилган экспортбоп гилос боғи тажрибаси ҳам интенсив боғдорчиликнинг амалий натижасини кўрсатмоқда. Ҳали тўлиқ ҳосилга кирмаган ёш кўчатлардан ҳам гектарига 7 тоннадан ҳосил олиниб, бир килограмм маҳсулот 8 доллардан экспорт қилинмоқда.

Шу боис, эски ва яроқсиз боғлар билан ишлаш бўйича янги тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Бу жараёнда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, саноатлашган боғлар барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса беради. 12 ой давомида саноатлашган боғ барпо этилмаган майдонлар учун ер ва сув солиғи ставкасини ошириш, бу ҳолат яна 12 ой давом этса, сувдан фойдаланишни чеклаш таклиф этилди.
Президент ердан самарали фойдаланиш устидан назоратни рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади. Эскирган ва янги саноатлашган боғлар ҳолатини космик тасвирлар орқали мониторинг қилиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш топширилди.
Томорқа ва деҳқон хўжаликларидаги эски боғларни янгилаш ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун маҳалла банкири орқали аҳолига 50 донагача кўчат ёки 2 миллион сўмгача қарз бериш, деҳқон хўжаликларига эса эскирган боғларни янгилаш учун 150 миллион сўмгача кредит ажратиш таклиф қилинди.


















