Porsche AG кузатув кенгаши 27 июл куни ходимлар йиғинидан сўнг компанияда қўшимча 5 мингта иш ўрни қисқартирилишини маълум қилди.

Бундан аввал ҳам 2025 йилда қабул қилинган «Келажак пакти» доирасида Porsche компаниясининг 3 900 нафар, унинг шуъба корхоналарида эса яна 500 нафар ходимни қисқартириш режаси эълон қилинган эди.

Шу тариқа, 2035 йилга қадар қисқартириладиган иш ўринлари сони 9 400 тадан ортиқни ташкил этади.

Қисқартиришлар Штутгарт ва Вайсахда амалга оширилади

Янги чоралар Porscheʼнинг Штутгарт-Цуффенхаузендаги асосий заводи ҳамда Вайсах шаҳрида жойлашган илмий-тадқиқот марказига тааллуқли бўлади.

Шу билан бирга, компания ишлаб чиқариш майдонларини сақлаб қолиш ва 2035 йилгача ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 2,1 миллиард евро инвестиция киритишини маълум қилди.

Ходимлар асосан ихтиёрий тарзда қисқартирилади

Компания маълум қилишича, қисқартиришлар «ижтимоий масъулиятли тарзда» амалга оширилади.

Бу жараён асосан табиий кадрлар алмашинуви, ходимларнинг пенсияга чиқиши ҳамда ихтиёрий ишдан бўшаш тўғрисидаги келишувлар орқали ташкил этилади.

Porsche раҳбариятининг таъкидлашича, мақсад компаниянинг рақобатбардошлигини ошириш ва имкони борича кўпроқ иш ўринларини узоқ муддатда сақлаб қолишдан иборат.

Бироқ Reuters агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, қисқартиришлар деярли ҳар бешинчи иш ўрнига таъсир қилади.

Маошлар ва масофавий иш тартиби ҳам ўзгаради

Компания харажатларни қисқартириш мақсадида меҳнат шартларига ҳам ўзгартиш киритмоқда.

Жамоавий шартнома бўйича режалаштирилган маош оширишларининг 3,5 фоизи ушлаб қолинади.

Шунингдек, Рождество мукофоти бир ойлик маошнинг 100 фоизидан 60 фоизигача қисқартирилади.

IG Metall касаба уюшмаси аъзоларига эса йилига 200 евро миқдорида қўшимча бонус ва трансформация дастури бўйича бир марталик 1 500 евролик тўловга қўшимча 411 евро устама берилиши режалаштирилган.