Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, иккинчи босқичда қабул жараёни тўлиқ электрон тизим орқали амалга оширилади. Аввал биринчи босқичда юборилган аризани бекор қилиш ёки ўчириш талаб этилмайди — янги ариза аввалгисига боғлиқ бўлмаган ҳолда қабул қилинади.
Ариза топшириш учун ота-оналар my.gov.uz порталидаги «1-синфга қабул» хизматига кириб, фарзандини танлаши ва қабул жараёнини қайта бошлаши керак. «Ариза топширишнинг ҳудудий даражаси» қисмида «Туман доирасида қабул» банди танланса, тизим микроҳудуддан ташқаридаги мактабларни кўриш имконини беради.
Шундан сўнг бўш ўринлари мавжуд мактаб танланади ва ариза тасдиқланади. Ариза қабул қилингач, тизим автоматик тарзда ҳужжатларни топшириш вақти ва санасини белгилайди ҳамда бу ҳақда ариза берувчига хабарнома юборади.
Масъуллар эслатишича, иккинчи босқич бўйича ижобий жавоб олинганидан кейин фарзанднинг ҳужжатлари янги танланган мактабга шахсан бориб топширилиши шарт.











