Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани, Орзу массивидаги қурилиш объектида ер ўпирилиб тушгани, жароҳатланганлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарларда айтилишича, кўпқаватли уйга туташ тарзда қурилиш ишлари олиб борилган, кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланган, коммуникация тармоқларига шикаст етказилган. Фуқароларнинг кўп бор мурожаат қилишларига қарамасдан қурилиш давом этган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилди.
Воқеа жойида фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф этиш, хавфли ҳудудни ўраб олиш ва унга киришни чеклаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдек, ёндош ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Текширув натижалари бўйича масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва қурилиш меъёрларининг бузилишига йўл қўйган барча шахслар, шубҳасиз, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Таъкидланишича, айни пайтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқ.











