Жорий йил 2 август куни ижтимоий тармоқларда “New Port” турар-жой мажмуасида фаолият юритувчи мансабдор шахслар томонидан Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Дамариқ МФЙ, А.Қаҳҳор кўчаси 19-уйда яшовчи фуқароларга компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилмаётгани ва ушбу уй ноқонуний бузилаётгани ҳақида видеоматериал тарқалган.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг маълум қилишича, ўтказилган терговга қадар текширувда “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари юқорида кўрсатилган манзилда яшовчи фуқароларни мажбурий кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари якунланмаган бўлса-да, мазкур уйни ўзбошимчалик билан бузиб ташлашгани аниқланган.
Шунингдек, қурилишга тегишли рухсатнома олмасдан туриб, ушбу ҳудудда 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар-жой биноларини ўзбошимчалик билан қурилгани маълум бўлган.

Текширув натижасига кўра, “Mega Logistics Servise” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши тергови алоҳида назоратга олинган бўлиб, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева шаҳар прокурорига бутун пойтахт бўйича қурилишларни инвентаризациядан ўтказишни буюрган эди.
“Қурилиш учун берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва аҳоли ҳуқуқларига қай даражада риоя қилинганини текшириш шарт. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан муросасиз жазо чоралари кўрилади, айбдорлар, керак бўлса, ҳатто озодликдан маҳрум этилади”, деганди Мирзиёева.
Аввалроқ Олмазор туманида қурилиш олиб борилаётган ҳудудда ер ўпирилиб тушганди.











