Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси “Келес” темир йўл чегара божхона пости инспектори 3 минг доллар пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, О.С. исмли божхона инспектори фуқаро А.З.дан республика ҳудудига айланма йўллар билан олиб кирилган 10 дона iPhone телефонини бошқа фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг номига божхона ҳужжатларини расмийлаштириб, IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиб бериши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тезкор тадбир Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси ходимлари томонидан, Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган.











