Россия Бош прокуратураси 2005 йилда АҚШда ташкил этилган Human Rights Foundation (HRF) фаолиятини Россия ҳудудида «номаъқбул» деб топди.
Прокуратура маълумотига кўра, қарор қабул қилинишига сабаблардан бири фонднинг Tyranny Tracker номли интерактив лойиҳаси бўлган. Ушбу харитада давлатларнинг демократик қадриятларга содиқлик даражаси баҳоланади ва унда Россия тўлиқ авторитар давлат сифатида белгиланган.
Шунингдек, Россия Бош прокуратураси HRF Россия Қуролли кучларини «обрўсизлантирувчи» ахборотларни тарқатаётгани ҳамда аввалроқ Россияда «номаъқбул» деб топилган бошқа ташкилотларни қўллаб-қувватлаётганини билдирган.
Human Rights Foundation бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш билан шуғулланувчи халқаро нотижорат ташкилот ҳисобланади.
2024 йилдан буён фондга россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг рафиқаси Юлия Навалная раҳбарлик қилиб келмоқда. У мазкур лавозимда шахмат бўйича жаҳон чемпиони ва мухолифатчи сиёсатчи Гарри Каспаровнинг ўрнини эгаллаган.











