Etihad Airwaysʼнинг Абу-Дабидан амалга оширилган илк рейси Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Шу тариқа, авиакомпания Ўзбекистон йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўйди.

Янги йўналиш доирасида Абу-Даби ва Тошкент ўртасида ҳар куни тўғридан тўғри рейслар амалга оширилиши белгиланган. Авиакомпаниянинг расмий сайтида ҳам Абу-Даби — Тошкент йўналиши бўйича рейслар сотувга қўйилган.

Бундан ташқари, Etihad Airways ва Uzbekistan Airways ўртасида кодшеринг келишуви имзоланган. У орқали Etihad йўловчилари Тошкентдан Самарқанд, Урганч, Нукус, Термиз, Фарғона, Наманган, Андижон ва Бухорога ягона авиачипта орқали саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади.

Etihad Airways 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, Бирлашган Араб Амирликларининг миллий авиакомпанияларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг асосий хаби Абу-Дабида жойлашган.

Янги мунтазам рейслар Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, Тошкент орқали бошқа шаҳарларга саёҳат қилиш имкониятларини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.